Учрашув давомида ўзбек–бангладеш ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва уни кенг кўламли йўналишлар бўйича фаоллаштиришнинг истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар икки мамлакат ҳукуматлари томонидан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришга устуворлик берилаётганлигини таъкидладилар.
Хусусан, ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва муштарак манфаатлар доирасидаги истиқболли тармоқларда йирик юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича биргаликда бажариладиган ишлар муҳокама қилинди.
Транспорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди. «Тошкент – Дакка – Тошкент» йўналиши бўйича тўғридан-тўғри ҳаво қатновини тиклаш истиқболлари қайд этилди.
Томонларнинг фикрига кўра, бу ўзаро йўловчилар ташиш ҳажмини ошишига ҳамда маданий ва туристик алмашинув имкониятларининг кенгайишига олиб келади. Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган бир қатор маданий тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида томонлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича яқин истиқболда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини келишиб олдилар ҳамда белгиланган вазифаларни ҳал этишда фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.