Коррупция қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати ўз хабарида мамлакатимизда давлат идоралари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича Комплаенс-назорат тизими амалиётга татбиқ этилаётгани бундай тузилмалар коррупцияга қарши курашишда халқаро стандартлар талабларига жавоб берувчи комплекс тизим яратиш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётгани ҳақида ёзган.

Бунга мисол қилиб, Ўзбекистон банк тизимида илк бор коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001:2016 халқаро сертификати қўлга киритилгани ҳам бунинг ўзига хос далил эканини таъкидлади.

Жорий йилнинг 18 февраль куни халқаро экспертлар томонидан «Трастбанк» раҳбариятига ушбу халқаро стандартга мувофиқликни тасдиқловчи халқаро сертификат топширилди.

ISO 37001:2016 ташкилотда коррупцияга қарши курашнинг самарали тизимини яратишнинг халқаро усулларини ўзида жамлаган, коррупцияга қарши мукаммал бошқарув тизимини йўлга қўйишга хизмат қиладиган халқаро стандартдир.

Мазкур халқаро сертификат эндиликда банкда коррупцияга қарши бошқарув тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш, таҳлил қилиш ва такомиллаштириш учун талаб ва кўрсатмаларни белгилаб беради.