Буюк Британиядаги мамлакатимиз элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган учрашувда мамлакатимиз корхоналарини ушбу ташкилотга аъзо қилиш ва уларда бошқарув менежментини жорий этиш юзасидан музокаралар ўтказилди.

SLF - чармни қайта ишлаш ва тайёрлаш йўналишида экология, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий ва иқтисодий тамойилларнинг бажарилишини баҳолаб борувчи йирик халқаро сертификатлаштириш ташкилоти саналади. Айнан ушбу ташкилот сертификатини қўлга киритиш бу мазкур корхоналар Буюк Британия ва ЕИ талаб этадиган барча стандартларга тўлиқ мослигини англатади. Бугунги кунда ташкилотга 200 дан ортиқ корхоналар аъзодир.

Мулоқотда айнан Ўзбекистон корхоналарини ташкилотга аъзо қилиш ва у ердаги бошқарув менежментини ЕИ стандартларига мослаштириш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, халқаро сертификатнинг талаблари жорий этиладиган Ўзбекистон корхоналари тўғрисида батафсил ташкилот директорига маълумот тақдим этилди.

Мазкур сертификатни қабул қилувчи Сурхондарёдаги «Top Quality Brand», Тошкент вилоятидаги «Angren Charm Invest», «Peng Sheng», «Hamkor Nur-Savdo» корхоналарининг техник параметрлари, маҳсулотлар сифати, бошқарув менежменти тўғрисида фикр алмашилди. Халқаро ташкилот мазкур мазкур корхонамизни аудит ва техник назоратлар якунига етгач аъзоликка қабул қилади. Тўлиқ халқаро сертификатларни тақдим этиш бошланади.

«Ўзбекистон Президентининг бугун мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, экспортни кенгайтириш, ЕИ бозорларига миллий маҳсулотларни жадал киритиш борасидаги стратегияси қувонарли ҳолат. Биз айнан ушбу ижобий ўзгаришлар сабаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга шаймиз. Тақдим этаётган халқаро сертификатларимиз мамлакатингиз корхоналарини ЕИ бозорига кириб боришга кўмаклашади. Бу борадаги ишларни бошлаганмиз». Мулоқотда SLF ижрочи директори Дебора Тайлер ўз фикрларини ана шундай баён этди.

Музокаралар якуни, олти ой давомида ташкилот томонидан ўтказилган бошқарув менежменти таҳлили натижалари билан SLF ташкилоти «Ўзчармсаноат» уюшмасига халқаро сертификатни топширди.

Эндиликда Уюшма ташаббуси билан маҳаллий чарм-пойабзал корхоналаримиз халқаро сертификатларни қабул қилиб олишни бошлайди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.