Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорлик масалалари, хусусан, 2019 йилдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари билан биргаликда амалга оширилаётган давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастурининг ижроси муҳокама қилинди.

Дастурнинг барча 25 та йўналиши, жумладан, «Бир миллион ўзбек дастурчиси», «Ҳукумат акселератори», «Хавфсиз шаҳар» каби лойиҳалар, шунингдек, миллий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, суғурта соҳасини такомиллаштириш, давлат хизматларини рақамлаштириш, инновациялар, саноат салоҳиятини ривожлантириш каби дастур доирасидаги ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида эришилган ютуқлар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган 2 йил мобайнида дастурга мувофиқ, алоҳида мавзуларда 124 та семинар ўтказилди, дастурнинг 25 та йўналишлари бўйича 100 га яқин тадбир амалга оширилди, 5 000 дан ортиқ мутахассис Ўзбекистон ва БААда ташкил қилинган махсус тренингларда иштирок этди.

Томонлар БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазирлиги ва жорий йилда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлиги ўртасида амалий ҳамкорликнинг бошланишини мамнуният билан кутиб олдилар.

Икки мамлакат делегациялари қатнашган ёшлар вакиллари учун «Ёш лидерлар дастури»га старт бериш маросими ҳам шундан далолат беради.

Лойиҳа концепциясида Ўзбекистон Республикасининг турли вазирлик ва идораларидан келган ёш мутахассислар учун БАА давлат муассасаларида ўқув курслари ва стажировкаларни ташкил этиш кўзда тутилган. Дастур БААнинг энг яхши амалиётига мувофиқ, Ўзбекистоннинг давлат идоралари учун кадрлар захирасини шакллантириш ва ёш мутахассисларни тайёрлашга қаратилган. Бевосита ва онлайн тарзда ўтказиладиган тренинг давомийлиги 2,5 ойни ташкил этади. Тренинг инвестициялар ва молияни бошқариш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, экспортни рағбатлантириш ва бошқа соҳаларда ўтказилади.

Дастлабки босқичда, 22 мамлакатнинг турли идоралар вакиллари иштирок этди. Улар дастлаб тегишли малакавий мезонлар ва шахсий фазилатлари асосида танлаб олинди.

Музокаралар якунида томонлар дастурни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқлигини билдирдилар ва икки мамлакатнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини чуқурлаштириш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.