Қарорга кўра:

Филиал таркибида “Лазги” ижрочилигини янада ривожлантириш бўлимини очилади.

Филиал ва “Лазги” бўлимининг асосий вазифалари этиб тегишли равишда қуйидагилар белгиланган:

- кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларини жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;

- рақс санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб бориш салоҳиятига эга илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;

- илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш;

- талаба ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ва халқаро грантларни жалб этган ҳолда уларнинг хорижда таълим олиши, илмий- ижодий ишлар олиб боришини самарали ташкил этиш, ҳамкорликдаги концерт дастурларини мунтазам асосда йўлга қўйиш;

- кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-ижодий фаолиятни янада ривожлантириш, иқтидорли талаба ёшларни ушбу йўналишга кенг жалб этиш;

- соҳа мутахассисларининг хорижий турдош олий таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, стажировка ўташларини тизимли ташкил этиш;

 - “Лазги” ижрочилигини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

- фан-таълим ва ижрочиликнинг интеграциялашувини таъминлаш;

- “Лазги” ижро йўли намуналари “Олтин фонди”ни яратиш;

- анъанавий “Лазги” ижро йўлини асраб-авайлаш, уни замонавий ижро услублари намуналари билан янада такомиллаштириш, рақснинг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини олимлар ва ижрочи мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиш;

- “Лазги” ижро йўлини кенг тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

- “Лазги” ижро намуналарини оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет ахборот тармоғи орқали чет элларда кенг тарғиб қилиш.

Шунингдек, “Лазги”нинг яратилиш тарихи ва ривожланиш даврини қамраб олган доимий экспозиция, “Лазги” ижро йўлида яратилган ижод намуналарининг фонотекаси, “Лазги”га оид либослар намуналари галереяси, кўргазмалар зали ҳамда артистик кафеси, “Лазги” болалар ҳаваскорлик театр-студияси ташкил этилади.

Филиалда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

Филиалга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул кўрсаткичлари ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.