Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йили 28 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда пахтани чуқур қайта ишлаш асосида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш юзасидан вазифалар белгилаб берилган эди. Бу борада хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, чет эллик мутахассислар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларинини йўлга қўйиш зарурлиги айтиб ўтилганди.
Саъдулла Таджиевнинг айтишича, пахта-тўқимачилик кластерларининг АҚШ сафари давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ушбу вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди. Делегация таркибида “Paxtachi klaster” МЧЖ, “Amina Gold Invest” МЧЖ, “DENOV TEKSTIL KLASTER” МЧЖ, “Buxoro Agroklaster” МЧЖ, “Fergana global textile” МЧЖ, “Mirishkor tekstil group klaster” МЧЖ сингари ўндан ортиқ йирик пахта-тўқимачилик кластерлари бор.
Делегация АҚШнинг Миссисипи штатида бўлиб, пахта етиштириш, уни саноат йўли билан чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишмоқда.
Ўзбекистон делегацияси дастлаб АҚШ фермер хўжаликларида бўлиб, ғўза парваришлаш, экинга ишлов бериш ва мўл ҳосил етиштириш борасидаги фаолияти билан танишди.
Ўзбекистон делегацияси АҚШ сафари давом этмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси Ахборот хизмати.