Туркия ҳукумати, БМТнинг Атроф муҳит бўйича (ЮНEП) ва аҳоли пунктлари дастурлари (БМТ-Хабитат) кўмагида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алиханов иштирок этди.

Мажлисда Б. Алиханов ўз маърузасида Президентимиз Ш. Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни бошқариш ва қайта ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида атрофлича ахборот берди.

Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси ва 2030 йилгача «яшил иқтисодиёт»га ўтиш стратегияси қабул қилингани, уларда аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатишни 100 фоизга етказиш, ҳосил бўладиган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоизга ошириш, шунингдек, «айланма иқтисодиёт» тамойилларини кенг жорий этиш бўйича белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Таъкидланганидек, мазкур чора-тадбирлар маиший чиқиндиларни полигонларга ташлаш ҳажмини 60 фоизгача камайтириш, 200 дан ортиқ чиқинди полигонлари ерларини тўлиқ ўзлаштириш, яшил ҳудудга айлантириш, янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Мажлисда иштирокчилар Ўзбекистон 2022 йилда Метан чиқиндиларини камайтириш бўйича глобал мажбуриятларга қўшилганлиги ва 2030 йилга бориб уларнинг ҳажмини 30 фоизга камайтиришни мақсад қилгани маълум қилинди.

Жорий йилнинг бошида Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчи марта чиқинди газини икки йирик полигонда электр энергиясига айлантириш лойиҳаси ишга туширилганини мамлакатимизнинг иқлим ўзгаришига қарши курашишга қатъий интилаётганига яққол мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Тадбир якунида чиқиндиларни биргаликда ўзаро манфаатли ва самарали бошқариш бўйича қатор таклифлар билдирилди, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ ва аъзо давлатлар билан масъулиятли ишлаб чиқариш ва истеъмолни таъминлаш соҳасида, шу жумладан, «Ноль чиқинди» ташаббусини илгари суришда ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлиги билдирилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.