Тадбирда Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда.
Анжуманда ИҲТга аъзо давлатларда аёлларнинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасини ошириш, ислом динида аёллар ҳуқуқлари ҳамда уларга тўсқинлик қилаётган салбий қарашларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Тадбир бешта ишчи сессиядан иборат бўлиб, унда аёлларнинг мақоми ва уларнинг Исломдаги ҳақ-ҳуқуқлари, мусулмон аёлларни таълим ва иш билан таъминлаш ҳамда замонавий жамиятларда аёллар билан боғлиқ турли муаммолар кўриб чиқилади.
Конференциянинг очилиш қисмида сўзга чиққан Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон мамлакатда аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил айтиб ўтди. У аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ислом динидаги энг олижаноб хусусиятлардан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.
Бугун Ўзбекистон делегацияси раҳбари Музаффар Комилов «Янги Ўзбекистон шароитида миллий-диний қадриятларга эътибор ҳамда аёллар ҳуқуқларининг таъминланиши масалалари» мавзусида маъруза қилиши кутиляпти. Унда мамлакатимизда аёллар ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари ҳақидаги муҳим маълумотлар ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари эътиборига тақдим этилади.
Халқаро конгресс 9 ноябрга қадар давом этади.