Фестиваль "Мудехарес" жамоатчилик маданият маркази томонидан ўтказилмоқда. Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида мамлакатимиз элчихонаси томонидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистонга бағишланган тадбир испан ва ўзбек халқлари учун катта маданий воқеа бўлди. Фетиваль 160 йилдан кўпроқ вақт давомида ўтказилиб келинмоқда ва у бутун дунёдан юз минглаб сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.
Дастурда миллий либослар, анъанавий каштачилик (сўзана) маҳсулотлари ва халқ рақслари намойиши, фотокўргазма, амалий санъат ярмаркаси, ўзбек таомларини татиб кўриш маросими ташкил этилди, шунингдек, симфоник оркестрнинг "Самарқанд", "Фарғона" ва "Улуғбек" мусиқий композициялари киритилган дастури санъат мухлислари эътиборига ҳавола қилинди. Композициялар машҳур испан композитори Саул Гомес Солер томонидан ёзилган бўлиб, муаллиф ушбу асарларни Самарқанднинг қадимий тарихи, Фарғона водийси икати ва Мирзо Улуғбек ҳукмронлигидан илҳомланиб қоғозга туширган.
Фестивалда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва маданий меросини тақдим қилиш учун Испаниядаги тадбир ташкилотчилари ҳомийлигида ўзбек ҳунармандлари ва модельерлари томонидан 600 та миллий ва тарихий либослар тайёрланди. Анжуманда атоқли давлат арбоби, Темурийлар салтанатининг асосчиси Амир Темур тимсоли ҳам намойиш этилди.