Мамлакатимиз делегацияси аъзолари Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эпидемиологик вазиятга риоя қилган ҳолда Ўзбекистондан фуқароларни Россияга ишга жалб қилиш масалаларини муҳокама қилиш ва қатор келишувларга эришишни мақсад қилган.
Ташриф доирасида Россия соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этилган учрашувда патент олишда талаб этиладиган ОИТС таҳлили, сифилис, флюорография, қон, психотроп моддалар таҳлили каби йўналишлар бўйича тиббий маълумотномани Ўзбекистонда олишни жорий этиш юзасидан ваколатли марказлар очишнинг ташкилий масалалари муҳокама этилди.
Таъкидлаш жоиз, айни пайтда ушбу жараёнлар Россия Федерациясида амалга оширилади. Ушбу вақт оралиғида фуқаронинг ишлаши мумкин эмас. Табиийки, бу жараён меҳнат мигрантларидан ортиқча вақт ва харажат талаб этади.
Шунингдек, делегациянинг «Юринвестхолдинг» компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувида Россия ҳудудидаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Россия Федерациясининг 7 та ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари учун касбий малака ва рус тилини ўқитиш дастурини ривожлантириш ҳамда 2021 йилда ушбу курсларга жалб этиладиган фуқаролар қамровини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давом этмоқда.