Парламент юқори палатаси  маълумотига кўра, тадбирда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги миллий режа ва лойиҳалар, шунингдек, сув ресурсларини тежашга стратегик ёндошув, сувни тозалаш ва қайта ишлатиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов ўз нутқида БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюциясини амалга ошириш бўйича ҳаётга тадбиқ этилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

 Борий Алихонов Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, экологик хавфсизликни таъминлаш, экотизимни барқарорлаштиришга қаратилган илғор инновация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларга урғу берилди.

Орол денгизининг қуриши, иқлим ўзгариши, Орол ҳалокати оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, қисқа ва ўрта муддатли истиқболдаги сув истеъмоли ва бошқа масалаларга эътибор қаратилди.

Иштирокчилар сув ресурсларидан безарар фойдаланиш ва интеграциялашган ҳолда бошқариш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлашар экан, Кенгаш иштирокчи давлатларда миллий қонунчилик меъёрларини уйғунлаштиришга даъват этди. Бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш бўйича конструктив ва самарали ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Мажлисда, шунингдек, Кенгаш томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан иштирокчи давлатлар вакилларининг маърузалари ҳам тингланди. Осиёда сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича  қатор таклифлар билдирилди.