Хусусан, Покистоннинг «PTV News», «AAJ News», «The Daily National Herald Tribune», «The Express Tribune», «Daily Spokesman Net», «Daily Islamabad Post», «Dispatch News Desk», «The News», «Pakistan In The World», «Dawn», «Radio Pakistan» каби етакчи ахборот манбаларида Ўзбекистон делегациясининг ташрифи тўғрисидаги хабарларга кенг ўрин берилди.
Хабарларда таъкидланганидек, Ўзбекистон делегациясининг Бош вазир Имрон Хон билан учрашуви чоғида Афғонистондаги вазиятни бартараф этиш, афғонлараро мулоқот масалалари муҳокама қилинди, икки томонлама ҳамкорликни барча йўналишларда ривожлантириш, шу жумладан Ўзбекистон билан Покистон ўртасида савдо-инвестиция дастурларини такомиллаштириш, шунингдек, коронавирусга қарши курашиш бўйича фикр алмашилди.
Матбаа ва интернет нашрларида таъкидланишича, покистонлик мутахассислар пандемия хавфига қарамай, Ўзбекистон раҳбариятининг Покистон билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолайди.
“Ташриф давомида томонлар минтақавий хавфсизлик бўйича ўзаро боғлиқликни алоҳида таъкидлаб, кун тартибидаги муҳим масалаларни муҳокама қилди. Ўзбекистон томони Покистон армиясининг минтақадаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қўшган ҳиссаси ва саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади”, дейилади нашрларда келтирилган мақолаларда.
Покистон оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари томонидан ўтказилган учрашувлар юқори даражада ўтганини алоҳида қайд этади. Унда Исломобод билан Тошкент ўртасида минтақавий алоқаларни яхшилаш, барча соҳаларда, шу жумладан савдо, инвестиция, транспорт-логистика ва бошқа соҳаларда алоқаларни фаоллаштириш ва мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилгани айтилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида саноат, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, чарм саноати ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бугунги кунда кооперацияни ривожлантириш учун янги имкониятлар очаётгани таъкидланади.
“Музокаралар чоғида Покистон ва Ўзбекистон ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган мавжуд келишувларни амалга оширишга содиқ эканликларини билдиришди. Томонлар Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини, ишбилармонлар кенгаши ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес-форумни жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олди”, дейилади Покистон оммавий ахборот воситалари саҳифаларида.
Покистон нашрлари асосий эътиборни инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик ва чет эллик тадбиркорлар учун мавжуд лойиҳалар муҳокамасига бағишланган учрашувга қаратди. Икки томонлама сармоявий алоқаларни ўрнатишнинг барқарор механизмларини жорий этиш истиқболлари, тўқимачилик, кўнчилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва тоғ-кон саноати соҳаларида Ўзбекистон-Покистон қўшма корхоналарини босқичма-босқич яратиш масалалари муҳокама қилинганини айтиб ўтади.
“Томонлар икки мамлакат бозорларида талаб юқори бўлган маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтириш орқали ўзаро савдо ҳажмини ошириш истиқболларини кўриб чиқди. Шу нуқтаи назардан, икки томонлама ҳамкорлик учун қонунчилик базасини яратишнинг муҳимлиги таъкидланди ва доимий қўшма ишчи гуруҳ тузишни назарда тутувчи меморандум имзоланди. Унинг доирасида томонлар савдо, инвестиция, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорлик қилишни режалаштирган”, дейилади ҳамкор мамлакат нашрларида.