Тадбир Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда «Progressive Medical Service» МЧЖ томонидан ташкил этилган бўлиб, унда иштирокчилар онлайн ва офлайн тарзда қатнашмоқда.

Анжуманда юртимиз ҳамда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Россия, Австрия, Жанубий Корея каби қатор мамлакатлардан тиббиёт соҳасининг етакчи мутахассислари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс, ЮНИСEФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Дениел Сингер ва Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳаси раҳбари Корнелия Бекер иштирок этяпти.

Халқаро тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев очиб берди ва ўз нутқида ўтказилаётган анжуманнинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритди.

Айтиш лозимки, мазкур анжуманни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – «COVID-19» бўйича янги билимлар алмашинуви ва орттирилган тажриба билан ўртоқлашиш, шунингдек, кенг тарқалган муаммоларни муҳокама этиш – эмлаш, диагностика, даволаш, реабилитация ва ўлим ҳолатларини камайтириш соҳасида умумий ёндашувларни излашдан иборат.

Халқаро тадбирнинг илмий дастури 3 та пленар сессия ва 8 та алоҳида бўлимдан тузилган бўлиб, унда эпидемиология, эмлаш профилактикаси, лаборатория диагностикаси, болалар, интенсив ва дори терапияси, коронавирусдан кейинги реабилитация, тўғри овқатланиш ва психологик ҳолатнинг энг долзарб масалалари бўйича 21 та давлат вакилларининг 87 та маърузалари ўрин олган.

Шунингдек, дастур доирасида инфекция, вирусология, иммунология соҳасидаги етакчи Ўзбекистон ва хорижий мутахассисларнинг изланишлари ва амалий ишлари ҳамда бошқа соҳаларга инновацион технологияларни жорий этиш, пандемия шароитида сайёрамиз аҳолиси соғлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган амалий ишлар намойиш этилади.

Конгресснинг асосий маъруза, мунозара ва тақдимотлари ўзаро фикр алмашиш, юксак илмий мунозарани давом эттиришга қаратилган бўлиб, унда нафақат олимлар, балки амалиёт шифокорлари учун ҳам қизиқ ва долзарб бўлган мавзулар муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

Энг муҳими, тадбир иштирокчилари «COVID-19»га қарши курашда янги технологиялар ва эришилган ютуқлар билан танишиб, ўзлари учун муҳим мақсадларни белгилаб олиш имкониятлари бўлади. Шу билан бирга, илмий-амалий анжуман янги ғоялар ва фикрлар билан ўртоқлашиш ва тажриба алмашиш учун ажойиб майдонга айланиши, шубҳасиз.

Анжуман доирасида «Пандемия даврида дунё болалар нигоҳида» ва «Пандемия даврида замонамиз қаҳрамонлари» каби ижтимоий танловлар ғолиблари тақдирланди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Анжуман 4 июнга қадар давом этади.