Унда ўзаро савдони кенгайтириш ва АҚШ инвестицияларини ички иқтисодиётга жалб этиш, академик алмашувлар, шунингдек, муниципалитетлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш масалалари муҳока қилинди.
Суҳбат аввалида элчи губернаторга мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар, замонавий Ўзбекистоннинг устувор вазифалари, мамлакат иқтисодиётида хорижий бизнес вакилларининг иштирокини кенгайтириш, шунингдек, улар учун қулай шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Губернаторнинг асосий эътибори Ўзбекистон минтақалари билан ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, АҚШнинг йирик штатлари билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, америкалик инвесторларнинг мамлакатимизда тадбиркорлик фаоллигини оширишга қаратилди.
Штат раҳбари АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги суръатини олқишлади. Шу нуқтаи назардан, у Индиана штати ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга кўмак беришга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Эрик Холкомб таъкидлаганидек, Индиана географик жиҳатдан денгиз йўлларидан узоқда жойлашган бўлиб, бу халқаро савдо нархига салбий таъсир қилади. Шу боис штат ҳукумати ўзининг «Америка чорраҳаси»га айланиб, шарқий ва ғарбий қирғоқлар ўртасидаги кўприк сифатидаги марказий ролига эътибор қаратувчи ўзига хос сиёсатини ишлаб чиқди. Сиёсатчининг сўзларига кўра, транспорт-логистика алмашувини тизимли ривожлантиришга катта сармоя киритилиши туфайли Индиана маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида инфратузилманинг жозибадорлиги бўйича АҚШ штатлари орасида биринчи ўринда туради.
Шу нуқтаи назардан, губернатор Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг асосий манзилларидан бири сифатидаги тарихий аҳамиятига эътибор қаратар экан, республиканинг Марказий Осиё орқали савдо йўлларини самарали йўлга қўйиш борасидаги салоҳияти катта эканлигини маълум қилди.
Штат губернатори элчихонанинг Индиана университети билан академик ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлади. Таъкидланишича, ушбу университетда АҚШнинг бошқа университетларига қараганда кўпроқ чет тиллари (80 дан ортиқ тиллар), жумладан, ўзбек тили қарийб 40 йил давомида ўқитилмоқда. Губернатор таъкидлаганидек, мазкур олий таълим муассасаси Американинг етакчи тадқиқот университетларидан бири бўлиб, кампуслари ва тиббиёт марказлари бутун штат бўйлаб жойлашган.
Губернатор Эрик Холкомб билан бўлиб ўтган музокаралар натижасида Ўзбекистон билан Индиана штати ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки давлат ишбилармон доиралари ва университетлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва кенгайтириш мақсадида мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз: Индиана АҚШнинг 50 штатлари орасида ҳудуди бўйича 38-ўрин ва аҳоли сони бўйича (6,8 миллион киши) 17-ўринда туради. Индиана 352,6 миллиард долларлик минтақавий маҳаллий маҳсулотга эга бўлган диверсификацияланган иқтисодиётга эга. Штат даромадининг юқори фоизи ишлаб чиқаришдан келади. Меҳнат статистикаси бюроси маълумотларига кўра, штатда қишлоқ хўжалигидан ташқари ишчи кучининг қарийб 17 фоизи ишлаб чиқаришда меҳнат қилди, бу АҚШ штатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир. Штат экспортининг энг йирик бешлигига автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, фармацевтика маҳсулотлари, саноат, оптик, тиббиёт ҳамда электр жиҳозлари киради.