Ялпи мажлис давомида ESCATOга 53 аъзо ва 9 ассоциатив аъзо давлат делегациялари минтақавий транспорт тизимларини ривожлантириш ва Осиё-Тинч океани минтақасида транспортнинг барқарор ривожланиши тўғрисидаги Вазирлар декларациясини амалга ошириш учун стратегик аҳамиятга эга бўлган масалаларни кўриб чиқди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган ESCATO минтақавий дастури доирасида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон», «Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор», «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ҳиндистон» халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш лойиҳалари, шунингдек, Ўзбекистонда халқаро юк ташиш хавфсизлигини ошириш бўйича бошлаб юборилган лойиҳалар кўриб чиқилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумот учун: Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси Таиланднинг Бангкок шаҳрида жойлашган БМТ Иқтисодий ва ижтимоий Кенгашининг бешта минтақавий комиссияларидан биридир. У 1947 йилда Кенгашга аъзо давлатларнинг иқтисодий ҳамкорлигини рағбатлантириш учун ташкил этилган.