Барқарор ривожланиш соҳасида ечимларни ишлаб чиқиш тармоғи (SDSN) томонидан виртуал форматда ташкил этилган “Инсон салоҳиятини очиш учун инновацион молиявий усуллар ва ҳаракатлар дастурлари” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Барқарор ривожланиш соҳасида ечимларни ишлаб чиқиш тармоғи (SDSN) 2012 йилда глобал илмий-техник билимларни амалий ечим ва Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга ошириш учун сафарбар қилиш мақсадида ишга туширилган.
Тадбирда ривожланаётган мамлакатларнинг 2022 йилга мўлжалланган барқарор ривожланиши тўғрисидаги маърузалар, жумладан, Ўзбекистоннинг БРМга эришишдаги ютуқлари тақдимоти намойиш этилди. Тадбирда Ўзбекистон ҳақида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов маълумот тақдим этди. Халқаро конференцияда 50 дан ортиқ мамлакатлардан 100 га яқин иштирокчилар қатнашди.
Симона Маринеску, БМТнинг лойиҳа хизматлари бўйича бошқармаси (UNOPS) молиялаштириш ва ривожланиш бўйича катта маслаҳатчиси (SIDS) вебинарига модераторлик қилди. У Ўзбекистон еврооблигациялар туфайли БРМга эришишдаги ютуқларини қайд этди.»Ўзбекистон ривожланаётган мамлакатлар БРМ облигацияларини қандай амалга ошириш тажрибасини ўрганиши мумкин бўлган давлатнинг яна бир намунасидир. 2021 йилда Ўзбекистон ўз минтақасида 235 миллион доллари (ўзбек сўмида номиналланган) бўлган БРМ суверен облигацияларини 3 йиллик муддатга 14% купон ставкаси билан чиқарган минтақадаги биринчи мамлакат бўлиб, инвесторлар ва институционал харидорларнинг маблағларини миллий мақсадларга эришишга ёрдам берадиган лойиҳаларни молиялаштиришга жалб қилди.»
Ўзбекистон БРМ облигацияларини чиқариш тажрибаси билан ўртоқлашди
Ўзбекистон минтақада биринчилардан бўлиб Барқарор ривожланиш мақсадлари учун суверен облигациялар чиқарди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов мамлакатимиз томонидан чиқарилган БРМ облигациялари барқарор ривожланишга ҳисса қўшадиган лойиҳаларни молиялаштиришга қандай ёрдам бериши ҳақида гапириб, Ўзбекистон тажрибаси билан ўртоқлашди.
Қайд этилишича, 2020 йил 19 ноябрда Ўзбекистоннинг миллий валютадаги биринчи халқаро облигацияларини муомалага чиқарилиши натижасида 2 трлн сўм миқдорида маблағлар БРМларни амалга оширишга сарфланган. Хусусан, камбағалликка қарши курашиш, соғлом турмуш тарзи ва сифатли таълимни тарғиб қилиш, гендер тенглигини таъминлашни жадаллаштириш, тоза ичимлик сувидан фойдаланиш учун муносиб меҳнат шароитлари ва имкониятларини яратиш, шунингдек, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилма барқарорлигини ошириш лойиҳалари учун ажратилган.
“Ўзбекистон 2021 йилда 235 млн долларлик БРМ суверен облигацияларини муомалага чиқарган Марказий Осиё минтақасидаги биринчи ва дунёдаги иккинчи мамлакатга айланди”, деди Обид Ҳакимов. “Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги 5 йил ичида мамлакатимиз нафақат БРМ облигацияларини чиқариш даражасига етди, балки принципиал жиҳатдан глобал молия бозорининг бир қисмига айланди”.
Обид Ҳакимовнинг сўзларига кўра, ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, ушбу облигацияларнинг 235 млн доллар миқдорида чиқарилиши бевосита ва билвосита 11 БРМга эришишга ҳисса қўшган. “Агар ушбу облигациялар сотувидан тушган маблағларнинг тақсимланишига назар ташласак, 54%и жамоат транспортини ривожлантиришга, 22%и соғлиқни сақлашга, 17%и таълимга ва 7% сув таъминотига сарфланган. Географик тақсимот ҳақида тўхталадиган бўлсак, уларнинг аксарияти Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, шунингдек, аҳолининг катта қисми жойлашган Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларига ажратилган”, — дея таъкидлади Ҳакимов.
Хулоса қилиб айтганда, О. Ҳакимов Ўзбекистонда барқарорлик ва фаровонликка эришиш учун ресурсларни сафарбар этишга ҳисса қўшадиган суверен облигациялар муҳимлигини таъкидлади. “Шуни таъкидлашни истардимки, БРМ суверен облигацияларининг аҳамияти фақат ривожланаётган мамлакатлар учун ўсиб боради”, - дея қўшимча қилди Марказ директори.
Тадбирда БРМларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган халқаро ташкилотлар ва идоралар ҳамда давлат органлари вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.