Шу муносабат билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши аҳоли, фермерлар, умуман ҳосилни йиғиштириб олишга масъул тармоқ ходимларига Мурожаат йўллади.
Жорий йилда етиштирилган ҳосил биринчи марта диёримизда тўлиқ қайта ишланиши давлатимиз иқтисодиёти, халқимиз фаровонлигида муҳим ўрин тутишини юракдан ҳис этайлик, дейилади Мурожаатда.
Шунингдек, фермерлар мавсумда мажбурий меҳнатга йўл қўймасликка чақирилган.
“Пахта теримига 18 ёшга тўлмаган йигит-қизларни, бюджет ташкилотларининг ишчи-ходимларини жалб қилишга уринманг, (кўнгиллилар оила бюджетига маблағ ишлаб олиши учун дам олиш кунлари, ишдан ташқари вақтида ихтиёрий, яшаш жойидан узоқ бўлмаган яқин далаларда пахта теримига чиқиши бундан мустасно). Мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига қарши туринг. Чунки, мамлакатимизда мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилганини унутманг!”.
Бу йил қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм берилиши маълум. Мурожаатда Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларининг барча туманларида, Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманларида, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманларида пахта хомашёси йиғим-теримига теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган 1 килограмм пахта учун тавсия этилган меҳнат ҳақига Республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланиши белгилаб қўйилгани яна бир бор эслатилган.
Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида пахта териш машиналари ёрдамида терилган ҳар бир тонна пахта учун тўланадиган меҳнат ҳақининг 30 фоизини Молия вазирлиги томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилгани айтилган.