Тадбирда Антакья вилояти ҳокими Иззеттин Йилмаз, сиёсий партияларнинг вилоят бўлимлари раҳбарлари, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, шунингдек, мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси ва бош консуллиги ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида ўзбекистонлик дипломатлар жорий йилнинг 6 февраль куни “аср фалокатини” бошидан кечирган қардош турк халқига яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирди. Ўзбек халқи фожиа содир бўлган биринчи кунданоқ турк биродарларига ёрдам кўрсатгани, бу контейнерларнинг муқаддас Қурбон ҳайити байрами арафасида топширилиши бизнинг якдиллигимизни ўзида намоён этишини, асосий уйлар қурилиши олдидан уй-жой масаласини ҳал этишнинг энг яхши ечими эканлиги таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ҳатай вилоятини тиклаш, жумладан, яқин дўстлигимиз ва ҳамжиҳатлигимизнинг яна бир ёрқин тимсолига айланадиган янги уй-жойлар ва бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш борасидаги ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
Антакья вилояти ҳокими Иззеттин Йилмаз турк халқи фожианинг дастлабки соатлариданоқ Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдамни ҳеч қачон унутмаслигини таъкидлади. Ўзбекистонлик қутқарувчилар ва ҳарбий шифокорлар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, энг оғир шароитларда меҳнат қилиб, жасорат ва профессионаллик кўрсатиб, жароҳатланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатганини қайд этди.
Тадбир давомида дипломатларимиз Овакент туманида яшовчи ўзбеклар томонидан берилган саволларга жавоб беришди, республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, конституциявий референдум натижалари, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайлови ҳақида гапириб беришди.
Ҳатай вилоятидаги тадбир маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди ва ижтимоий тармоқларда кўплаб ижобий фикрлар билдирилди, деб хабар беради dunyo.info.