2022 йил 10 октябрда Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Гаяна Кооператив Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммунике имзоланди.

Икки давлат ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ва Гаяна Кооператив Республикасининг БМТдаги доимий вакили Каролайн Родригес Биркет имзолади.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш учун икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Жанубий Америка давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.