Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда икки давлат раҳбарларининг рафиқалари Ўзбекистон ва Албания халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Маданий дастур давомида олий мартабали меҳмон ўзбек амалий санъати усталарининг ижод намуналари, жумладан, ёғоч ўймакорлиги, қадимий сўзана каштачилиги техникаси ҳамда анъанавий кулолчилик буюмлари билан танишди.

Дастурнинг ёрқин лаҳзаларидан бири анъанавий ўзбек либослари намойиши, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос жиҳатларни акс эттирган “Келин салом” маросими тақдимоти бўлди. Олий мартабали меҳмон ўзбек халқининг миллий анъана ва урф-одатларига самимий қизиқиш билдириб, уларнинг чуқур тарихий илдизлари, гўзаллиги ва бетакрорлигини алоҳида таъкидлади.