Сўнгги йилларда кўплаб хорижий олий таълим муассасалари катта қизиқиш билан юртимизда ўз филиалларини очиш истагини билдирмоқда. Натижада ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, IT мактаблар қуриш, кадрларни сифатли тайёрлаш масалалари бўйича тажриба алмашилаётир. Бу, албатта, қувонарли. Жумладан, технология ва коммуникациялар бўйича дунёнинг етакчи давлатларидан саналган Ҳиндистон университетлари филиалларининг юртимизда фаолият бошлаши икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Шу кунга қадар ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир нечта лойиҳа амалга оширилди. Ҳиндистон Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги ҳузуридаги Дастурий технологиялар парклари жамияти (STPI) билан ҳамкорлик доирасида Тошкент шаҳрида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ташкил этилгани фикримизга яққол мисол бўла олади.
Шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ва Ҳиндистон ахборот технологиялари маркази ўртасида электрон ҳукуматнинг қатор йўналишлари: электрон тиббиёт, электрон таълим, электрон парламент, бизнес жараёнларни автоматлаштириш ва бошқалар бўйича давлат хизматчиларини ўқитишни ташкил этиш юзасидан ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
Халқаро тажрибани амалиётда қўллаш, ахборот технологиялари соҳасида билим алмашиш, шунингдек, шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида 2019 йил 18 мартдан бошлаб ҳиндистонлик тажрибали мутахассис IT паркка маслаҳатчи сифатида жалб қилинди.
Ҳиндистон тажрибасига асосланиб, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ўзбекистонда Бизнес жараёнлари аутсорсинги (BPO) йўналишини ривожлантириш мақсадида Ҳиндистондан йирик BPO корхоналар жалб қилиниб, улар ёрдамида маҳаллий тадбиркорларни шу йўналишда иш олиб бориш, улар учун барча керакли тренинглар ташкил этиш мўлжалланган. Шу билан бирга, IТ парк ҳамда Гужарат электроника ва дастурий таъминот ассоциация си ўртасидаги ҳамкорлик дои расида Ўзбекистоннинг стартап экотизимини ривожлантириш тўғрисида меморандум имзоланди. Ассоциация мутахассислари иштирокида IТ парк нинг иккинчи тўлқини инкубация ва акселерация дастурлари учун стартап лойиҳаларга 169 та танлов ўтказилиб, 23 та стартап лойиҳа танлаб олинди.
Айни вақтда Тошкент шаҳридаги IТ паркнинг янги инфратузилма объектларини қуриш концепцияси ишлаб чиқилиб, унда умумий майдони 408 минг квадрат метр бўлган 17 та инфратузилма объекти қурилмоқда.
IТ парк ҳамда “iCreate” Халқаро тадбиркорлик ва технологиялар маркази ўртасидаги ҳамкорлик доирасида 2021 йил апрель ойида IТ паркнинг бизнес моделини ишлаб чиқиш ва молиявий компонентларни таҳлил қилиш бўйича кўникмаларни шакллантиришга қаратилган 4 та онлайн ўқув сессияси ўтказилди.
Таълим соҳасидаги узоқ йиллик келишувлар
Ҳиндистон билан Ўзбекистон ўртасида кўп тармоқли узоқ йиллик келишувлар шу кунга қадар ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. Бинобарин, тиббиёт, таълим, электроника, техника, шунингд ек, иқтисодий-сиёсий алоқалар шулар жумласидан.
Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги Жавахарлал Неру номидаги Ўзбек-Ҳинд ахборот технологиялари маркази 2004 йил 29 октябрда Деҳли шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ ташкил этилган эди.
Марказнинг асосий фаолияти ахборот технологиялари соҳасида ўқув курсларини ташкил этишдан иборат. У, асосан, C / C ++, C # ва Java каби дастурлаш тиллари бўйича талабалар учун узоқ муддатли машғулотлар ҳамда давлат бошқарувидаги мутахассисларга йўналтирилган ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир қисқа муддатли ўқув курсларини ўз ичига олади.
Марказ ташкил топгандан то ҳозирги кунгача 32800 нафар ўқувчи унда малака оширган. Улардан 5100 нафари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва бошқа олий ўқув юртлари талабалари ҳисобланади. Қолган 27700 нафари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, йирик компаниялар, банклар ва бошқа ташкилотлар ходимларидир.
Марказ фаолияти шу билан чекланиб қолгани йўқ. У АКТ соҳасида ҳам ўзининг бой тажрибаси билан ўқувчиларни тайёрлаб келмоқда. Ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида етакчига айланиш мақсадида марказ ўқув курслари мазмунини янгилаш, сунъий интеллект, машинасозлик, киберхавфсизлик каби янги йўналишлар бўйича мураббийларни тайёрлашни мақсад қилган.
Вилоятларда Ҳиндистон ОТМларининг филиаллари очилади
Жорий йил 19 январь куни Ҳиндистоннинг Acharya институтлар тармоғи ижрочи директори билан учрашув ўтказилди. Учрашувда IТ-мутахассислар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, 24 январь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари Ҳиндистоннинг Интег рал университети раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида Ҳиндистонда юқори нуфузга эга бўлган Интеграл университети вакиллари мамлакатимиз вилоятларида ўз филиалларини очиш истагини билдирди.
Шу билан бирга, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистонда IT таълимни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш бўйича фикрлар билдирилди.
Ҳиндистоннинг Интеграл университети мамлакатнинг обрўли олий таълим муассасаларидан ҳисобланади. Мазкур университетга 2004 йили Лакхнау шаҳрида асос солинган. Ҳозир унда қарийб 10 мингга яқин талаба архитектура, компьютер илми, иқтисод, тижорат, маданият ва бошқа соҳалардаги 150 дан ортиқ таълим дастурлари бўйича таҳсил олмоқда. Университетда 17 та таълим йўналиши бўйича бакалаврлар ҳамда 14 та мутахассислик бўйича магистрлар тайёрланади.
Тошкент шаҳридаги Aмити университети фаолиятига назар
Тошкент шаҳридаги Aмити университети 2019 йил 24 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 январдаги “Тошкент шаҳрида Aмити университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Ҳозир университетда бешта йўналиш (дастурий технологиялар, компь ютер инжиниринги, иқтисодиёт, бизнес бошқаруви, туризм бошқаруви) бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда. Таълим муддати бакалавриатда йўналишига қараб 3-4 йил, магистратурада 2 йил олиб борилади. Шунингдек, университетда 11 йиллик мактабни тамомлаган абитуриентларни қабул қиладиган ва асосий бакалавриат курслари бошланишидан бир йил олдин ўқитишни таъминлайдиган бошланғич умумий таълим тизими — Foundation фаолият кўрсатмоқда. Ҳозир Foundation курсларида 298 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Таълим жараёни дастлаб тўлиқ шартнома асосида ташкил этилганига қарамасдан, 2019/2020 ва 2020/2021 ўқув йилларида Aмити университети (Ҳиндистон)да бакалаврлар учун 40 фоизлик грант ва 2021/2022 ўқув йилида 30 та давлат гранти ажратилди.
Биринчи — 2019/2020 ўқув йили учун кириш имтиҳонларида 499 нафар талаба танловдан ўтди. Кириш имтиҳонлари тўлиқ ҳиндистонлик мутахассислар томонидан уч босқичда ўтказилди.
2020/2021 ўқув йили учун имтиҳон топширишга 11065 абитуриент ҳужжат топширди, улардан 345 нафари танлаб олинди. Яъни бир ўринга 30 дан ортиқ талабгор ҳужжат топширган. Ўзбекис тонда кириш имтиҳонлари биринчи марта ҳиндистонлик мутахассислар томонидан тўлиқ онлайн ўтказилди. Бунда барча жараён сунъий интеллект томонидан кузатиб борилди. Бугунги кунда университетда жами 859 талаба таҳсил олмоқда. Ҳозир муассасада 33 нафар чет эллик ўқитувчи ишлайди, уларнинг 60 фоизи фалсафа доктори — PhD даражасига эга.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонга хорижий давлатларнинг ҳар томонлама қизиқиши ортиб бораётгани, албатта, қувонарли. Турли давлатлар қатори бугун Ҳиндистон ҳам Ўзбекистоннинг муҳим стратегик ҳамкорига айланиб бормоқда.