Жумладан, хотин-қизлар ўртасидаги минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизми сифатида Мулоқотни янада ривожлантириш мақсадида Мулоқот шафелигида қуйидаги ихтисослаштирилган платформаларни яратиш таклиф этилди.
Бизнес-ҳамкорлик платформаси. 2021 йилда бу йўналишда бир қанча бизнес-форумлар, бир қатор B2B учрашувлар ўтказиш ва Марказий Осиё тадбиркор аёлларининг муҳокама клубини ташкил этиш орқали муваффақиятли ишлар бошланди.
Фуқаролик жамияти ташкилотлари даражасида ўзаро ҳамкорлик платформаси. Яқинда фуқаролик жамияти ташкилотлари иштирокида ўтказилган минтақавий форум ушбу масаланинг долзарблигини кўрсатди. Мамлакатларимизда фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга катта қизиқиш ва эҳтиёж бор. Улар ўзаро мулоқот қилиб, мунтазам фикр алмашиб, ўз салоҳиятини сезиларли даражада ошириб, Марказий Осиё мамлакатлари ва жамиятларидаги аёллар билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз қарашлари, таклиф ва тавсияларини юқори сиёсий мансабдор аёлларга етказа олади.
Ёшлар ҳамкорлик платформаси. Яқинда Мулоқот шафелигида Марказий Осиё давлатларидан келган қизлар учун етакчилик, мураббийлик ва гендер тенглик бўйича ўқув машғулоти йиғини ўтказилди. Натижада машғулот иштирокчилари томонидан Мурожаатнома қабул қилиниб, унда бундай тадбирларни мунтазам ўтказиб туришни кўриб чиқиш таклифи билдирилди. Бундай платформа жуда долзарб бўлиб, келажакдаги етакчи аёлларимизни бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қилади.
Олима аёллар ва илмий тадқиқотчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик платформаси.
Маълумки, Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодиётни рақамлаштириш, илм-фан, илғор ахборот технологиялари ва билим талаб қиладиган соҳаларда хотин-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион лойиҳаларда улар иштирокини қўллаб-қувватлаш долзарб вазифалардандир. Шу нуқтаи назардан бундай ҳамкорлик платформасининг яратилиши минтақадаги олима аёлларнинг бир-бирига яқинлашишига, уларнинг ҳудудий ташаббусларини илгари суришига хизмат қилади.
Ўз-ўзидан аёнки, бундай платформаларни яратиш ва ташкил этиш инсоний, ташкилий ва катта молиявий ресурсларни талаб қилади.
Шу маънода Олий Мажлис Сенати Раиси, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ташкилоти раиси Т.Нарбаева ушбу вазифаларни амалга оширишда ҳукуматлар ва халқаро ҳамкорлар, шу жумладан БМТнинг асосий агентликлари ва бошқа халқаро ташкилотлар кўмагини олиш жуда муҳим эканини таъкидлади.
Ўзбекистон томони билдирган юқоридаги барча вазифа ва режаларнинг амалда татбиқ этилиши, шубҳасиз, Марказий Осиёда гендер тенглик ҳамда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш соҳасидаги тараққиётга кучли туртки бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.