Халқаро таққослашлар дастури Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг статистика соҳаси бўйича энг кенг қамровли ва муҳим глобал дастури ҳисобланади.
Халқаро таққослаш дастури – дунёнинг деярли барча давлатлари статистика идоралари иштирок этадиган халқаро статистик дастур бўлиб, унинг доирасида валюталар харид қобилияти паритети, ялпи ички маҳсулот ва унинг таркибий қисмларини халқаро даражада ва мамлакатлараро таққослаш ишлари амалга оширилади.
Дастур глобал миқёсда ҳар 3 йилда бир маротаба амалга оширилади. Шу билан бирга, дастурнинг 2021 йилги глобал босқичи натижалари 2024 йилда эълон қилиниши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, дастур натижалари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Статистика кенгаши томонидан эълон қилинади. Бу ҳам дастурнинг халқаро миқёсда юксак аҳамияга эга эканлигидан далолат беради.
Мамлакатимиз мазкур дастурнинг 2021 йилги глобал босқичида илк бор расман иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан мамлакатимизнинг мазкур дастурдаги иштироки билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш Статистика агентлиги зиммасига юклатилган.
Статистика агентлиги томонидан бу борадаги халқаро тажриба ўрганилди. Хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар билан, шу билан бирга, ташкилотнинг Статистика қўмитаси билан кўплаб маслаҳатлашувлар ўтказилди.