Учрашув Ўзбекистон-Италия ҳамкорлигининг бугунги ҳолатини кўриб чиқиш ва уни янада мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун яхши имконият бўлди. Ўзбекистон-Италия муносабатларининг кенг кўламли кун тартибини муҳокама қилар экан, томонлар инвестициявий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Ўзаро савдо ривожланишида ижобий натижалар қайд этилди. 2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ошди. Жорий йил биринчи чорагида ҳам тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм-атторлик буюмлари, асбоб-ускуналар ва бошқа товарлар етказиб бериш ҳажмининг ортиши туфайли ўсиш тенденциялари кузатилди. Томонлар икки томонлама савдо ҳажмини ошириш бўйича навбатдаги қўшма саъй-ҳаракатларни кўриб чиқдилар ва бу борадаги ишларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш механизмларига ҳам эътибор қаратилди. Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда Италия капитали асосида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони икки баравар кўпайди. Улар асосан тоғ-кон саноати, металлургия, нефть-кимё ва электротехника тармоғи, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби янги йўналишларда фаолият кўрсатмоқда. Икки мамлакат ишбилармон доираларини ўзаро янада яқинлаштириш ҳамда Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Италия инвестициялари ва технологияларини жалб қилиш борасидаги ишларни давом эттириш долзарблиги таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, ҳудудлараро муносабатлар масалалари ҳамда икки томонлама тадбирларга, жумладан, Савдо-иқтисодий ва саноат ҳамкорлиги бўйича Ўзбекистон-Италия ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш чора-тадбирларига тўхталиб ўтилди.

Томонлар икки тарафлама муносабатлар кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан фикр алмашгандан сўнг, келгусидаги ҳамкорлик борасида муҳим келишувларга эришдилар, бу эса қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишда сезирларли даражада олдинланиш имконини беради, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Мисрдаги энг нуфузли марказлардан бирида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон дўстлик жамияти аъзолари, мазкур мамлакатдаги сиёсий, илмий-академик, ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Илмий-амалий семинар аввалида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиков мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Жумладан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида татбиқ этилган лойиҳалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтилди. Жорий йилда кенг жамоатчилик ва фуқаролик институтлари билан биргаликда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилганига эътибор қаратилди.

Тараққиёт стратегиясида бугунги глобал жараёнлардан келиб чиққан ҳолда инсон қадрини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантиришга доир еттита устувор йўналиш белгилаб берилгани кўрсатиб ўтилди.

Айни пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар республика тараққиётида янги босқич – Янги Ўзбекистон даврини бошлаб бергани алоҳида таъкидланди. Республика раҳбари томонидан хорижий давлатлар билан очиқ ва дўстона алоқалар ўрнатилгани, Марказий Осиё минтақаси эса ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши этиб белгиланганига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир модератори Қоҳира стратегик тадқиқотлар маркази директори А.Муслимани сўнгги беш йилда Янги Ўзбекистон барпо этилгани, ички ва ташқи сиёсатда улкан муваффақиятларга эришилганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, Тошкент ва Қоҳира икки томонлама муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун катта имкониятларга эга. Ҳозирда турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш учун тарихий-маданий шарт-шароитлар мавжуд. Хусусан, 60 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар имзоланган бўлиб, шартномавий-ҳуқуқий база ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш имконини беради.

Қоҳира университети факультети декани, мамлакатимизнинг «Дўстлик» ордени соҳиби профессор Аҳмад Ражаб Ризқ Миср ва Ўзбекистон халқларини минг йиллик давр боғлаб туришини қайд этди. Олимнинг сўзларига кўра, Ал-Фарғоний томонидан Қоҳирада бунёд этилган нилометр қурилмаси, Ўзбакия маҳалласи, Мисрдаги Тулунийлар, Мамлуклар, Аюбийлар салтанати ва бошқа кўплаб мисоллар дўстона алоқаларимизнинг узоқ тарихга бориб тақалишини тасдиқлайди.

Миср парламенти сенатори, «аш-Шуруқ» газетаси бош муҳаррири Имодуддин Ҳусайн ўтган 30 йил давомида Миср ва Ўзбекистон ҳамкорлигида кўплаб ижобий ишлар татбиқ этилганини қайд этар экан, ҳали фойдаланилмаган салоҳият икки халқ дўстлик алоқаларини янада кенгайтиришга мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.