Корея Республикаси Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва алоҳида стратегик шеригидир. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони қарийб икки баробар ортди. Пандемия оқибатларига қарамай, кўп қиррали муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистонга инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. Жорий йилда 320 миллион доллар, яъни 2020 йилга нисбатан 20 фоиз кўп ўзлаштирилди. Бу маблағлар ҳисобига кимё, нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Икки мамлакат соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим ва олий таълим соҳаларида самарали ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, бу ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Фарғона вилоятида ҳам кореяликлар билан таълим, тиббиёт, электротехника, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон-Корея университетида машинасозлик муҳандислиги, келажак автомобилсозлиги инжиниринги, электротехника ва электроника муҳандислиги, архитектура муҳандислиги, компьютер муҳандислиги, энергетика ва кимё муҳандислиги бўйича малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Олий таълим тизимидаги бу ҳамкорлик натижасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси кенг ўрганиляпти, амалиётга татбиқ этилмоқда.

 Албатта, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бу давлатдан ўрнак  оладиган жиҳатлар кўп. Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали бу борада ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Бугунги кунда Корея Республикаси билан олий таълимдаги ҳамкорлик жадал ва кўп қиррали характерга эга бўлиб бормоқда. Бу эса ўқитишни, кадрлар тайёрлашни сифат ва миқдор жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

 Президентимизнинг 2022 йилни “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилгани муҳим аҳамиятга эга. Бу икки  мамлакатнинг ҳамкорлигида янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.

Мазкур давлат ташрифи, унинг доирасида қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувлар Корея Республикаси билан алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада юқори даражага кўтаргани билан аҳамиятлидир.

Равшанжон Расулов,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети

Фарғона филиали директори