Хусусан, Сеитназарова Гулжаҳан Суханатдиновна "Янги давр журналистикасида ижодий маҳоратнинг ўрни ва аҳамияти (Қорақалпоғистон матбуоти материаллари мисолида)” мавзусидаги филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилди. Тадқиқотда Ўзбекистондаги янгиланишлар жараёнида журналистнинг ўрни, ижтимоий мавқеи, ислоҳотлар ва уларнинг аҳамиятини матбуотда ёритишнинг асосий функция ва  принциплари илмий-назарий жиҳатдан шарҳланган, янги давр журналистикаси ва замонавий матбуотга хос хусусиятлар аниқланган ва умумлаштирилган, журналистик маҳоратни шакллантириш ва уни ривожлантиришга доир тавсиялар ишлаб чиқилган. Мазкур тадқиқот иши бугунги халқаро медиамаконда интернет ва рақамли технологияларнинг шиддат билан жорийланиши натижасида техник имкониятлар биринчи ўринга чиқиб, илмий тадқиқотларда ҳам технократик ёндашув устуворлик қилаётган шароитда журналистнинг ижодий маҳорати ва касбий компетенциясини ўрганганлиги билан аҳамиятлидир. 

— Медиа дунёсида шу қадар жиддий ўзгаришлар юз бермоқдаки, уларни билиш ва ҳар кунги фаолиятда унумли фойдаланиш касбнинг муҳим талабига айланди, — дейди Гулжаҳан Сеитназарова. — Унинг вакиллари учун эса,  замонавий дунёқараш доимо биринчи даражадаги зарурат бўлиб келган. Бундай дунёқарашни кечаги, бугунги ва эртанги қиёслардан аниқлаб олиш лозим. Маҳоратли касб эгаси бўлишнинг яна бир жиддий мезони — журналист шахси. Ижодкор вакумда яшамайди, шунинг учун у биринчи ўринда журналистика ва журналистлар, давлат, жамият ва фуқаролар онггида ўз материали билан фикр ўйғотади.

Яна бир докторант Махсумова Садоқат Қосимжон қизининг “Ўзбекистонда таҳририятлар бошқарувининг шаклланиши ва замонавий тенденциялари” мавзусидаги филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси ниҳоятда қизиқарли ва муҳокамаларга бой ўтди. Мазкур тадқиқотдан оммавий ахборот воситалари ва журналистик ишларнинг рақамлашуви натижасида таҳририятлар менежменти ҳамда ижодий жараёнлар бошқаруви концепциясини такомиллаштириш мақсади кўзланган. Ишнинг долзарблиги ОАВ, ахборот ишлаб чиқариш билан бевосита шуғулланадиган таҳририятлар бошқарув фаолиятини қайта кўриб чиқиш, уларни медиабошқарувнинг замонавий талаблари асосида илмий тадқиқ этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш зарурати юзага келгани билан асосланади. Тадқиқот натижасида бугунги конвергенция шароитида Ўзбекистонда фаолият юритаётган босма нашрлар, телеканаллар ҳамда интернет сайтлари менежменти қайтадан кўриб чиқилиши, босма нашрлар босқичма-босқич электрон форматга ўтиши, Интернет сайтларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига материал беришнинг таргетлаш усулидан фойдаланиш амалиётини жорий қилиниши лозимлиги келтирилган.

— Гулжаҳан ва Садоқат ЎзЖОКУ докторантурасининг илк қалдирғочлари. Улар қисқа фурсат ичида ўз ишини ҳимоя қилмоқда, — дейди университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нозима Муратова. — Бу борада уларга университет илмий бўлимида яратилган шароит ва илмий раҳбарлар кўмаги ас қотди, десак муболға бўлмайди. Ўйлаймизки, бундай ҳимояларнинг сони келгусида ошиб боради.

Ҳимоя сўнггида илмий кенгаш аъзолари томонидан ушбу мавзуларни такомиллаштириш бўйича керакли тавсияларни билдирилди. Мазкур тадқиқотлар университет илмий салоҳиятини юксалтириш билан бирга, амалиётда журналистларнинг медиа макондаги тенденцияларга мослашувчанлик қобилиятини оширишга ёрдам бериши таъкидланди.

Санобар ЖУМАНОВА,

Ҳамида МИРСУЛТОНОВА,

ЎзЖОКУ ўқитувчилари