Бу ҳақда Football-Asian хабар берди.

Нашрнинг маълум қилишича, ЎФА аввалроқ 2014 йилги жаҳон чемпионати ғолиби Йоахим Лёвга таклиф билан чиққан эди. Бироқ немис мутахассиси таклифни рад этди. Шунингдек, Туркия терма жамоасининг собиқ мураббийи Фатих Терим билан ҳам музокаралар олиб борилган, аммо у ҳали розилик бермаган.

Энди эътибор португалиялик мутахассис Паулу Бентуга қаратилди. 56 ёшли мураббий нафақат клуб, балки миллий жамоалар даражасида ҳам катта тажрибага эга.

Паулу Бенту Португалиянинг “Спортинг” жамоасида мураббийлик фаолиятини бошлаган. Кейин Бразилияда “Крузейро”, Грецияда “Олимпиакос”, Хитойда “Чунцин Лифан” клубларида ишлаган.

2010–2014 йилларда Португалия терма жамоасига раҳбарлик қилиб, Евро-2012 ярим финалига етаклади.

2018–2022 йилларда Жанубий Корея терма жамоасини бошқариб, Қатардаги жаҳон чемпионатида плей-оффга чиқарди.

Сўнгги йилларда БАА терма жамоаси билан иш олиб борган.

Нашрнинг ёзишича, Бенту турли футбол мактабларида интизом ва тактик тизимни жорий қила олгани билан ажралиб туради. Агар у Тошкент билан келишувга эришса, бу унинг глобал фаолиятидаги янги босқичга айланиши мумкин.

"Ҳозирча музокаралар давом этмоқда. Аммо унинг номзоди асосийлардан бири сифатида кўрилаётгани Ўзбекистон футболининг янги мақсад ва амбицияларини яққол кўрсатиб турибди», деб ёзди нашр.