Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳужжатда миллий табиий мерос объектларининг мақоми, турлари, рўйхатини шакллантириш ҳамда улар ҳудудида қурилиш ишларини амалга ошириш тартиби аниқ белгилаб берилди.
Низомга кўра, Ўзбекистон миллий табиий мерос объектлари қуйидаги турларга ажратилади:
- биологик — 50 йилдан ортиқ ёшдаги дарахтлар, релликт ўрмонлар, табиий ландшафтлар ва экотизимлар, ЮНEСКОнинг биосфера қўриқхоналари, Рамсар Cонвентион объектлари ва бошқалар;
- геологик — геологик кесимлар, геоморфологик объектлар, табиий тузилмалар ва глобал геопарклар;
- гидрологик — дарёлар, кўллар, булоқлар, шаршаралар ва бошқа сув объектлари;
- палеонтологик — қадимги ҳаёт шакллари қолдиқлари.
Мазкур объектларга муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилади. Шунингдек, уларни халқаро рўйхатларга, жумладан, ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси, биосфера қўриқхоналари ва глобал геопарклар тармоғига киритиш имконияти мавжуд.
Низомда объектларни рўйхатга киритиш учун қатор талаблар белгиланган. Улар жумласига:
- табиий ҳолатнинг сақланганлиги ва биохилма-хиллик учун аҳамиятлилиги;
- экотизим элементларининг яхлитлиги;
- ҳайвонот ва ўсимлик дунёси учун муҳим яшаш муҳитларининг мавжудлиги;
- геологик ва гидрологик жиҳатдан қимматли ҳудудларни қамраб олиши киради.
Шу билан бирга, ушбу ҳудудларда қатор фаолият турлари қатъий тақиқланади. Хусусан:
- табиий ресурсларни қазиб олиш, ноқонуний қурилиш ишлари олиб бориш;
- дарахт ва буталарни кесиш, экотизимга зарар етказиш;
- чиқиндиларни кўмиш, оқова сувларни оқизиш;
- кимёвий моддалардан фойдаланиш ва саноат корхоналарини жойлаштириш.
Қурилиш ишлари учун ҳам алоҳида талаблар жорий этилган. Унга кўра:
- иншоотлар маҳаллий ландшафтга мос бўлиши;
- фақат экологик тоза материаллардан фойдаланилиши;
- рельефни ўзгартириш ва табиий муҳитга зарар етказишга йўл қўйилмаслиги шарт.
Талаблар бузилган ҳолларда қурилиш ишлари дарҳол тўхтатилади, айбдорларга ҳудудни қайта тиклаш мажбурияти юкланади ҳамда етказилган зарар қопланади.
Шунингдек, мазкур ҳудудларда саноат корхоналари, кўп қаватли уйлар, чиқинди полигонлари ва кимёвий омборлар қурилишига рухсат берилмайди.