Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан жорий йилнинг 16 ноябридан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини ташқи баҳолаш жараёни бошланди.

Ушбу жараёнга университет таълим йўналишлари мутахассисликлари хусусиятларидан келиб чиқиб, республикамиз ОТМлари ва илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият кўрсатаётган тажрибали ва илмий салоҳиятга эга маҳаллий экспертлар билан бир қаторда таълим сифатидан манфаатдор бўлган иш берувчилар ва талабалар ҳам жалб этилди.

Шу билан бирга, тажрибада биринчи маротаба халқаро экспертлар – Австрия таълим сифатини таъминлаш ва аккредитация агентлиги директори Ахим Хопбах ҳамда Вилнюс техника университетида академик ишлар бўйича департамент директори Нора Скабурскиене жалб этилди.

Улар билан маҳаллий экспертларимиз ўртасида ташқи баҳолаш жараёнининг бориш ҳолати бўйича ҳар иш куни якунида онлайн мулоқотлар ташкил этилиб, халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда ўзаро фикр алмашинувлар ташкил этилмоқда. Бунга ўз навбатида, аккредитация натижаларининг халқаро даражада тан олиниши ва университетни халқаро таълим ҳамжамиятига жадал интеграцияланиши учун амалий ҳаракатлардан бири сифатида қараш мумкин.

Шунингдек, университет фаолиятини ўрганиш жараёнида талабалар ва профессор – ўқитувчилар ўртасида таълим сифатини таъминлаш ҳамда уни янада юқори даражага кўтариш борасида фикрларини олиш мақсадида аноним шаклда онлайн сўровномалар ўтказиш, улардан интервьюлар олиш ишлари режалаштирилган ва бу фаолият ҳозирда бошланган.

Ташқи баҳолаш жараёнида олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи институт фаолияти ҳам ўрганилади ва университетда илмий салоҳиятга эга бўлган илмий-педагогик кадрларни тайёрлашнинг ҳолатига ҳам баҳо берилади.

Экспертлар комиссияси фаолияти давом этмоқда.