Бу ҳақда Бош вазир матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов бошчилигида ўтган йиғилишда Олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётир. Нефт ва газ, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, ипакчилик ва тўқимачилик саноати ҳамда бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳалари ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда.

Учрашувда инвестициявий, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чоралар кўрилаётгани, қўшма инвестиция компаниясини ташкил этиш бўйича таъсис ҳужжатлари имзолангани, келгусида унинг маблағлари қўшма саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилиши маълум қилинди.

Айниқса, бўлажак Олий даражадаги учрашув ва музокаралар кун тартибини янги амалий мазмун билан тўлдириш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро маданият кунлари, кино ҳафталиклари, концерт ва кўргазмалар ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Бунда илм-фан, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида ўзаро алмашинувларни фаоллаштириш муҳим аҳамият касб этишини қайд этишди.