Музокаралар кун тартибига инвестициялар, ўзаро савдо, саноат кооперацияси ва транспорт-логистика каби соҳаларда икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар киритилди.

Покистон Республикаси Бош вазирининг 2021 йил июлдаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши атрофлича кўриб чиқилди. Қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш борасида эришилган ютуқлар муҳокама этилди, ҳар бир йўналишда мавжуд бўлган масалалар кўриб чиқилди ва ҳал қилинди. Келишилган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттиришга содиқлик билдирилди.

Савдо айланмасини оширишда икки давлат томонидан эришилган муваффақият қайд этилди. Жумладан, 2021 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми ўтган йилга нисбатан 46 фоизга ошди. Шу нуқтаи назардан Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Томонлар ҳужжат юзасидан келишиш ҳамда жорий йил давомида унинг имзоланишини тезлаштириш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга қарор қилдилар.

Ўзбекистон томони Покистоннинг Транзит ва савдо тўғрисидаги битимни ратификация қилганини олқишлади. Келишувни ҳаётга рўёбга чиқариш механизмларини мувофиқлаштириш мақсадида яқин вақт ичида икки мамлакат транспорт ва божхона идоралари раҳбарияти ва экспертлари ўртасида музокаралар ташкил этишга келишиб олинди.

Инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, банк соҳасида муносабатларни йўлга қўйиш борасидаги таклифлар алоҳида кўриб чиқилди. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилиш мақсадида Покистон компаниялари ва тижорат банклари раҳбарлари делегациясининг шу йилнинг февраль ойида мамлакатимизга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.

Транспорт ва логистика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалда жорий этиш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида икки томонлама юк ва йўловчи ташишни янада фаоллаштириш долзарблиги қайд этилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.