Учрашув давомида икки давлатлар ўртасида АКТ, шу жумладан электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт, IT-таълим соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича истиқболли йўналишлар кўриб чиқилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Шерматов Польша давлатининг қисқа муддат ичида қатор йўналишларда сезиларли ютуқларга эришаётгани шу билан бирга, ахборот-коммуникация технологиялари ва электрон ҳукумат соҳаларида эришган натижалари, орттирган тажрибалари биз учун ҳам аҳамиятли эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Польша Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор Элчиси Р.Грук Ўзбекистонда электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ижобий баҳо бериб, келгусида икки давлат ўртасида АКТ соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратишини маълум қилди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.