Бу ҳақда Euronews сайтида эълон қилинган мақолада маълум қилинди.

Мақолада айтилишича, ташриф давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи бешта стратегик йўналиш, жумладан, сиёсий мулоқот, савдо, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш бўйича келгуси ҳамкорликни белгилаб берувчи кенг қамровли ҳужжат – Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаши кутилмоқда.

Битим ҳар икки томоннинг ислоҳотларни давом эттириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва глобал ҳамкорликка содиқлигини тасдиқлайди. Шу билан бирга, жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» инвестиция форуми каби келгуси ташаббуслар учун замин яратади.

Европа Комиссияси Раиси Урсула фон дер Ляен «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» биринчи саммитидаги нутқида «Global Gateway» дастури доирасида 12 миллиард евролик инвестиция пакети билан қувватланган савдо алоқаларини чуқурлаштириш, транспорт, стратегик муҳим хомашё, рақамли алоқадорлик, сув ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида сўз юритди.

«Ўзбекистон «Global Gateway» дастурида ҳал қилувчи роль ўйнайди ва жуда муҳим ўрин тутади. Бу бизнинг узоқ йиллик дўстлигимизда янги саҳифанинг бошланишидир», – деган эди Урсула фон дер Ляен Самарқанд саммитида.

Мазкур битим Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон шериклигини кучайтириш учун янги, замонавий ва кенг кўламли асос яратиши кутилмоқда. Битим ҳамкорликнинг янги соҳаларини ўз ичига олади ҳамда савдо-иқтисодий муносабатлар учун меъёрий-ҳуқуқий базани сезиларли даражада такомиллаштиради.

Битим доирасида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олиши режалаштирилган:

  • Сиёсий ҳамкорлик ва ислоҳотлар: Битимда умумий қадриятлар, демократия ва қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳамда барқарор ривожланишга алоҳида урғу берилган.
  • Ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги кенгайтирилган ҳамкорлик: асосий эътибор минтақавий барқарорлик ва халқаро ҳамкорлик, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, можароларнинг олдини олиш ва инқирозларни бошқаришга қаратилади.
  • Адлия, эркинлик ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик: маълумотларни ҳимоя қилиш, миграция, пул ювиш ва терроризмга, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйиш, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик ва консуллик ҳимоясини қамраб олади.
  • Савдо: КШҲТБ товарлар ва хизматлар савдоси, давлат корхоналари, давлат харидлари ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари каби соҳаларда иқтисодий операторлар учун янада яхши меъёрий-ҳуқуқий муҳитни таъминлаши режалаштирилган.
  • Бошқа бир қатор муҳим сиёсий йўналишларда кенгайтирилган ҳамкорлик: иқтисодиёт ва молия, энергетика, транспорт, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқни ривожлантириш, бандлик ва ижтимоий масалалар, маданият, таълим ва ёшлар, шунингдек, тадқиқотлар соҳаларини ўз ичига олади.