Мулоқотда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, юзага келган беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Ўмон ҳудудида содир бўлган бундай ҳаракатлардан хавотирда эканини билдириб, Ўзбекистон ҳар қандай қарама-қаршилик ҳамда зиддиятни сиёсий-дипломатик ва тинч йўллар билан, музокаралар орқали ҳал қилишнинг қатъий тарафдори эканлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Султонликнинг минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида амалга ошириб келаётган фаол воситачилик роли ва изчил саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, Ўмонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш учун яратилаётган шарт-шароит учун Султон Аъло Ҳазратларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Ўмон Султони Ўзбекистон етакчисига ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғулари учун ташаккур изҳор этиб, Масқатга бўлажак олий даражадаги тарихий ташриф юксак савияда ўтишига ишонч билдирди.