Мамлакатимиз етакчиси сўзининг аввалида Покистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва ўтказилган самарали музокаралар учун ушбу мамлакат ҳукумати раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Жадал ривожланаётган Покистон Ўзбекистоннинг ишончли стратегик шериги эканлиги алоҳида таъкидланди. Покистон Бош вазири раҳбарлигида халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва мамлакатнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистонни хурсанд қилаётгани айтилди.

Шунингдек, ушбу ташриф Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганининг беш йиллигида ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Сўнгги беш йилда ўзаро савдо 2,5 бараварга, қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони эса қарийб 3 бараварга ошди. Яқин келажакда савдо айланмасини 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилди. 3,5 миллиард долларлик истиқболли савдо ва инвестиция битимларининг портфели шакллантирилди.

Музокаралар якунида Қўшма декларация ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича 30 га яқин муҳим ҳужжат имзоланди.

Эртага Покистоннинг етакчи компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтади.

Минтақавий ҳамкорликни изчил ривожлантириш орқали Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини биргаликда мустаҳкамлашга интилиш қатъий экани билдирилди. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлик қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Покистоннинг мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Покистоннинг 2025-2026 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси сифатида тинчлик ва халқаро барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди.

Фармацевтика, тўқимачилик, электротехника, тоғ-кон ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш ҳамда бизнес учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида бу йил Ўзбекистонда биринчи Ҳудудлараро форумни ўтказишга қарор қилинди.

Бундан ташқари, биргаликда маданият ҳафталиклари ва кинофестивалларни ташкил этиш ҳамда буюк мутафаккирларнинг илмий-маърифий меросини ўрганиш ва оммалаштириш режалаштирилмоқда.

Исломобод кўчаларидан бирига Тошкент номи берилгани учун яна бир бор миннатдорлик билдирилди.

Президентимиз, ўз навбатида, Покистон пойтахтида буюк давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғни бунёд этиш тўғрисида қарор қабул қилинганини эълон қилди. Бу Покистон халқига мамлакат мустақиллиги байрами нишонланиши арафасида муносиб туҳфа бўлади.

Мамлакатимиз етакчиси Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори илмий унвонлари берилгани учун Покистонга алоҳида миннатдорлик билдирди.

Шавкат Мирзиёев нутқининг якунида барчани бўлажак Покистон куни байрами ва яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан табриклади.