Қонун лойиҳасини депутатларга адлия вазири Русланбек Давлетов тақдим қилди, дея хабар беради Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Таъкидланишича, Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фарқловчи белгилари, яъни кўкрак нишони ва штандарти (байроғи) юзасидан қоидалар киритилмоқда.

Хорижий давлатларда Давлат раҳбарининг кўкрак нишони ва штандарти янги сайланган Президентга қасамёд қабул қилгандан кейин топширилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ушбу масалалар тартибга солинмаганлиги боис, қонунчиликни тегишли мазмундаги норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Ушбу тартиб лавозимга сайланган шахсни президентлик лавозимига юклатилган мураккаб вазифаларни самарали амалга оширишига халқ ва жамият томонидан билдирилган ишонч белгиси сифатида хизмат қилиши таъкидланди.