Жорий йил 18 октябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Бахит Торобоев ўртасида видеоконференция тарзида учрашув бўлиб ўтди.
Кенгайтирилган тартибда ўтказилган ушбу мулоқотда икки давлатнинг вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари ва дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Учрашувда саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, қўшма тадбирларни ўтказишнинг ташкилий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, саноат кооперациясини ривожлантириш соҳасида қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиллар, қурилиш материаллари, кальций карбид ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама этилди. Шу нуқтаи назардан, чегараолди ҳудудда Саноат кооперацияси марказини ташкил этиш, тўқимачилик мажмуаси ва қуввати 6,7 МВт бўлган Когарт кичик гидроэлектр станциясини қуриш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар инвестиция келишувлари тўпламини ишлаб чиқишни имкон қадар тезроқ якунлаш бўйича келишувга эришдилар.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилиб, томонлар биргаликда озиқ-овқат ва уруғлик картошка етиштиришни ташкил этиш, чорвачилик комплексларини яратиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, иссиқхоналар учун ускуналар ва жун маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун хомашё етказиб бериш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик соҳасида йўловчи автобуслари ва темир йўл ташишларини қайта тиклаш, икки давлат ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтириш, шунингдек, «Иркештам - Дароот - Қўрғон - Уч-Қўрғон» автомобиль йўлини қуриш имкониятлари муҳокама этилди. Томонлар ушбу йўналишда барча зарур чораларни кўришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашувда алоҳида тартибда Бишкек шаҳрида Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 10-йиғилиши ва бизнес-форумни икки мамлакат минтақалари раҳбарлари иштирокида юқори ташкилий даражада ва мазмун жиҳатидан бойитилган тарзда ўтказиш масалаларини кўриб чиқдилар.
Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган масала ва ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида фаол ҳамкорликни давом эттиришга ўзаро содиқлик билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.