Тадбирда МДҲга аъзо давлатларнинг туристик маъмуриятлари раҳбарлари ва МДҲ Ижроия Комитетининг масъул вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида Туризм кенгаши аъзолари:
-МДҲга аъзо давлатларда туризм соҳасида COVID-19 пандемияси оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар;
-Электрон виза тизимларини жорий этиш ва кириш визаларини эркинлаштиришда МДҲ мамлакатлари тажрибаси;
- МДҲга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги асосий ташкилотининг таърифи;
-Туризм соҳасида МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2021-2030 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасини кўриб чиқиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Кенгаш фаолиятининг 2021 йилдаги устувор вазифаси МДҲга аъзо давлатларнинг туризм саноати, жумладан, халқаро туризмни тиклашга ёрдам бериши таъкидланди. Шу муносабат билан МДҲ Сайёҳлик кенгаши томонидан жорий йил 11 сентябрда бўлиб ўтган онлайн сайёҳлик форумида туризм соҳасидаги муаммоларга жавоб бериш бўйича Кенгаш қошида ишчи гуруҳ тузиш бўйича Ўзбекистон Республикаси ташаббуси маъқулланди.
Мазкур ишчи гуруҳ аъзолари ҳар чоракда туризм соҳасидаги долзарб масалалар, муаммо ва таклифлар бўйича онлайн учрашувлар ўтказиши белгилаб олинди.
Шунингдек, Кенгаш аъзоларининг алоҳида эътиборлари МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 2020 йил 29 майда қабул қилинган «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг 2021–2030 йилларда туризм соҳасида ҳамкорлигини ривожлантириш стратегияси тўғрисида» ги қарорининг ўз вақтида бажарилишига қаратилди. Сайёҳлик Кенгашининг сўнгги йиғилишининг асосий қарорларидан бири Ўзбекистон Республикасининг «Ипак йўли» Халқаро туризм университетига МДҲга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги асосий ташкилоти мақомини бериш тўғрисидаги таклифи якдил қўллаб-қувватланганлиги бўлди.
Ўз навбатида, МДҲ Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси раислиги остида Кенгаш ва унинг аъзолари учун муҳим бўлган ҳужжатлар ва ташаббуслар ишлаб чиқилганлиги, ўзаро ҳамкорликнинг янги форматлари, Кенгаш доирасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани, вазифаларни ҳал этишда замонавий ёндашувлар таклиф этилганлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида Сайёҳлик Кенгашининг кейинги даврга раислиги ротация асосида Aрманистон Республикасига ўтказилди ва Кенгашнинг навбатдаги мажлисини 2021 йилнинг биринчи ярмида Ереванда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ўз навбатида, Aрманистон томони Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган форматни давом эттиришини эълон қилди ва 2021 йилда бўлиб ўтадиган Туризм Кенгаши йиғилиши доирасида МДҲга аъзо давлатларнинг Туризм ярмаркасини ташкил этишга тайёрлигини билдирди. Маълумот учун: МДҲ туризм ярмаркасини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси томонидан 2018 йил 28 сентябрда Душанбеда бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши пайтида илгари сурилган. Биринчи шундай ярмарка 2019 йил 9 июлда Самарқандда бўлиб ўтган, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.