Миллий валютамиз дизайнига бефарқ бўлмаган фуқароларимиз томонидан 50 000 сўмлик банкнот намунасининг олд томонида “Ал-Ҳаким ат-Термизий” мақбараси тасвири туширилганлиги, аммо мақбара номи “Абу Исо ат-Термизий” деб ёзилганлиги билдирилди.

Мутахассислар билан қайта ўрганиш натижасида ҳақиқатдан ҳам намунадаги тасвир ва унинг номланишида техник хатолик мавжудлиги маълум бўлди.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Марказий банки янги дизайндаги 50 000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилишидан олдин унинг намунасида аниқланган техник хатолик бартараф этилишини ҳамда мақбаранинг номи тўғри қайд этилишини маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банкнотлар дизайнларига бефарқ бўлмаган барчага ўз миннатдорчилигини билдиради, дея хабар қилади Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори Акмал Назаров ўзининг телеграм каналида.