Суҳбат чоғида Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари ва ЕХҲТ ПА ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди.

Содиқ Сафоев ЕХҲТ ПА раисига Янги Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, шунингдек, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Ўз навбатида, ЕХҲТ ПА раиси Ўзбекистонга амалга оширган ташрифларини мамнуният билан эслашини ва ҳар бир ташриф республиканинг демократик ислоҳотлар йўлидан дадил олға силжиб бораётганини тасдиқлаши мумкинлигини таъкидлади. «Ишончим комилки, кейинги ташрифим давомида Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши ва демократик тартиб-қоидаларни такомиллаштириш борасидаги янги муваффақиятларини кўраман», деди у.

Маргарита Седерфелт, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси ва ЕХҲТ ПА ўртасида йўлга қўйилган яқин мулоқотни, Ўзбекистон парламентарийларининг ПА томонидан ўтказиладиган тадбирлар ва учрашувлардаги фаол иштирокини юқори баҳолади.

Учрашувда, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик айрим масалалар ҳам кўриб чиқилди, деб хабар беради «Дунё» АА.