Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон стоматологларига энг замонавий халқаро усуллардан фойдаланиши имконини яратишдан иборат эди.

Ўзбекистон шифокорлари малакасини доимий ошириб бориш мақсадида таниқли хорижий амалиётчилар ва педагог-насиҳатчиларни жалб этиш Миллий палатанинг Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига энг яхши халқаро тажрибани олиб кириш бўйича дастурининг бир қисми саналади. Миллий палата шу мақсадда дунёнинг турли мамлакатларидаги энг яхши тиббий амалиётларнинг доимий таҳлилини олиб бориш билан шуғулланади, ҳамда Ўзбекистон тиббий клиникалари ва ОТМлари билан ҳамкорликни ривожлантиради.

Хусусан, Ф.Слейман билан музокаралар Миллий палата ва Тошкент давлат стоматология институти (ТДСИ) ўртасидаги Меморандум асосида ташкил этилган.

Филипп Слейман Болгария, Руминия Стоматология жамиятининг фахрий аъзоси, Ливан стоматология ассоциацияси илмий мукофоти соҳиби, АҚШнинг бир қатор профессионал ассоциациялари сирасига киради, жаҳон стоматология материаллари ва ускуналарини ишлаб чиқарувчиларига маслаҳатлар беради, ушбу соҳадаги бир қатор услубларга патентлар муаллифи ҳам.

Ҳар доим энг янги илғор услубларни ўзлаштириш ва орттирилган тажрибани фаол оммалаштириш Филипп Слейманнинг бошқалардан ажратиб турадиган хислатлари саналади. Байрутдаги Ливан университетининг профессори бўла туриб, у турли мамлакатларда, хусусан, АҚШдаги Шимолий Каролина ва муқаддас Иосиф университетларида ишлаб тажриба орттирган, Германия, Буюк Британия, Канада каби мамлакатларда насиҳатгўйлик фаолиятини олиб борган. У МДҲ мамлакатлари ҳудудида, айниқса Россияда таниқли.

ТДСИ вакиллари сўзларига кўра, бугун мутахассисларни тайёрлаш жараёнида, ҳамда амалдаги стоматологларнинг малакасини оширишда инновацион тадқиқотларни, дунёнинг турли мамлакатларида самарасини кўрсатган материалларни, ускуналарни ўзлаштириш муҳим ўрин тутади. Замонавий эндодонтда (тишларнинг томир каналлари касалликларини даволаш) микрохирургия, катта аҳамият касб этади. Уни ўзлаштириш учун эса амалий мастер-класслар, педагог-насиҳатчининг бевосита тажрибалари керак бўлади.

Ф.Слейман тингловчиларнинг ҳар хил гуруҳлари — талабалар ва амалдаги стоматологлар учун замонавий маълумотлар ва усулларни тақдим этишга тайёрлигини таъкидлади. Томонлар долзарб мавзуларни тайёрлаш ва мувофиқлаштириш, ҳамда ўқишнинг кундузги ва сиртқи шаклларида лекция ва мастер-классларни ташкил этишга келишиб олдилар, деб хабар беради Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати.