Хусусан, таълим ижтимоий институт ҳисобланиб, жамият аъзоларининг билимга бўлган эҳтиёларини тартибга солади ва мувофиқлаштиради.Таълим институти жамият тараққиёти даражасини белгилаб берувчи энг асосий омиллардан биридир. Шу нуқтаи назардан, 2015-йил сентябрда бўлиб ўтган БМТнинг Бутунжаҳон саммитида 2030 йилгача бўлган барқарор ривожланиш мақсадлари қабул қилинган. Бу резолюция принципиал жиҳатдан янги глобал мажбурият ҳисобланиб, унда Барқарор ривожланишнинг ўн еттида мақсади ва унга эришишнинг бир юз олтимиш тўққизта вазифаси, кенг миқиёсли масалалар, шу жумладан  адолатли сифатли таълим асосий мақсад қилиб белгиланган.

Мазкур ҳужжат асосида 2018-йил 20-октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2030-йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора – тадбирлар тўғрисидаги” 841-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг тўртинчи йўналиши “Умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятларини рағбатлантириш” этиб белгиланган.

Адолатли сифатли таълим беришда дунёвий таълим муҳим аҳамият касб этади. Таълим тарихий тараққиётининг ҳамма босқичларида ривожланиш асоси бўлиб хизмат қилган. Таълим жараёнида оладиган билим ва кўникмалар кишилар дунёқарашини шакллантириб, атрофдаги дунёни тушунишга ёрдам беради. Таълим бу инсонларга ўз мақсадларига эришиш ва жамиятга ўз ҳиссасини қўшиш имконини берувчи энг асосий восита ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимиз олдида турган муҳим масалалардан бири дунёнинг ривожланган давлатлар қаторига интеграциялашув жараёнини жадаллаштиришдир. Замонавий ҳаётни бугун илм маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тассавур этиб бўлмайди. Жаҳонинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланганлиги бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритилган ютуқлар билан чамбарчас боғлиқдир. Таълим соҳасидаги ислоҳатларнинг муҳим жиҳатларидан бири дунёвий таълимни ривожлантиришдир. Зеро,  дунёвий таълимни ривожлантириш малакали кадрлар, танқидий фикрлайдиган ёшлар ва инновацион лидерларни тайёрлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Дунёвий таълим илмий билимларга асосланган таълим тизим бўлиб, янги билимларни излаш ва уларни амалиётга қўллашга қаратилган дунёқарашни шакллантиради. Глобаллашув ва рақамлаштириш шароитида дунёвий таълим фан ва технологиялар билан боғлиқ муамоларни ҳал қилишга қодир авлодни тайёрлаш имкониятини яратади.

 Бугунги кунда дунёвий таълим шахс шаклланиши ва жамият ривожланишида аҳамияти қўйидагиларда намоён бўлмоқда:

Биринчидан, дунёвий таълим танқидий, креатив ва мустақил мушоҳада юритишга ёрдам бериб, ёшларда бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни объектив,  мустақил таҳлил қилиш ва баҳолаш кўникмасини шакллантиради. 

Иккинчидан, дунёвий таълим толерантликни шакллантиради. Талабаларда дин, эътиқод ва маданиятга бағрикенлик асосида ёндашиш ва фикр мулоҳаза юритишга ёрдам беради. Умуминсоний қадриятлар ҳамма маданият ва динлар асосини ташкил этиши тўғрисидаги билимлар билан талабаларни қуроллантиради. Талабаларда жамият аъзоларининг эътиқод ва келиб чиқишидан қаътий назар уларга нисбатан бағрикенглик ва ҳурматни шакланишига хизмат қилади.

Учинчидан, дунёвий таълим илмий салоҳиятни ривожлантиради. Таълим жараёнида эмпирик маълумотлар ва илмий тадқиқотлар муҳимлигига эътибор қаратиб, талабаларда илмий методларни қўллаш орқали муаммоларни ҳал қилиш кўникмасини шакллантиришга ёрдам беради.

Тўртинчидан, дунёвий таълим ижтимоий, иқтисодий мобилликни амалга оширишга ёрдам беради. Таълим ижтимоий, иқтисодий мобиллик ҳаракат манбаи ҳисобланади. Дунёвий таълим бозор иқтисодиёти шароитида талабаларни муваффақиятли мобилликни амалга ошириш кўникмаси ва билимлар билан тарбиялайди. Бу эса келажакда талабаларни  даромадли иш ўринлари ва ижтимоий статусга эга бўлишини кафолатлайди.

Бешинчидан, дунёвий таълим инновация ва илмий ижодкорликни қўллаб қувватлайди. Талабаларни янгича фикрлашга ундаш орқали инновация ва ижодкорликни рағбатлантириб, одатий қарашлардан четга суриб, ўз илмий салоҳияти асосида масалаларга ёндашиш кўникмасини шакллантиради.

Олтинчидан, талабаларни реал ҳаётга тайёрлашга ёрдам беради. Хусусан, амалий кўникмалар ва билимлар орқали уларни меҳнат бозорига тайёрлайди. Бундан ташқари, жамият фаровонлигини таъминлаб беради. Дунёвий таълим жамиятда хурофат, догматизм ва жоҳилликни камайтиришга ёрдам бериб, ижтимоий тартибсизлик ва конфликтларни олдини олишга кўмаклашади.

Еттинчидан, дунёвий таълим таълим олиш учун тенг имкониятларни яратиб беради. Жамият аъзоларининг келиб чиқиши, эътиқоди ва миллатидан қаътий назар таълим олиш имкониятини тенг яратиб беради.  

Бугунги кунда фан ва технологиялар ривожланишида ҳам дунёвий таълим ўз ўрни аҳамиятига эга. Бозор иқтисодиёти даврида фан ва технологиялар ривожи инновацион ютуқлар ва иқтисодий муваффақиятларга эришишнинг асосий гаровидир. Дунёвий таълим шу жараёнинг асосий бўғини ҳисобланади. Айнан, барча йирик илмий ва технологик ютуқлар таълимга асосланган. Дунёвий таълим юқори малакали кадрлар тамонидан илмий тадқиқотлар олиб бориши ва технологик ютуқларга эришиш учун қулай шароит яратиб беради. Бундай ютуқлар эса нафақат илм – фан тарақиётига шу билан бирга ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Масалан, ривожланган давлатлар тамонидан таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасига йирик сармоялар киритилади. АҚШ, Германия, Хитой каби давлатлар таълим тизимини модернизация қилиш орқали технологик ривожланиш ва инновацияларни рағбатлантирмоқда. Ушбу мамлакатлар тамонидан қўлга киритилган илмий тадқиқот ва технологик ютуқлар уларни бозор иқтисодиёти шароитида глобал иқтисодиётнинг етакчи ўйинчиларига айлантирди.

Дунёвий таълим нафақат жамият ва мамлакат тараққиётига шунинг билан бирга шахс шаклланишида ҳам ўз ўрнига эга. Таълим инсонинг  интелектуал салоҳиятини оширади, уни кенг дунёқарашга эга бўлишга, танқидий фикрлашни ривожлантиришга, шунингдек, ўз қобилиятини тўлиқ намоён қилишга ёрдам беради. Дунёвий таълимга эга бўлган инсон жамиятда ўз ўрнини топа олади, ижодкорлик ва ташаббускорлик кўрсатади ҳамда ўз мақсадларига эришиш учун зарур бўлган кўникмаларга эга бўлади.

Хулоса қилиб, шуни таъкидлаш мумкинки дунёвий таълим мамлакат тараққиётининг муҳим асоси ҳисобланиб, у инсонни билим ва кўникмалар билан қуроллантириб, жамиятни иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан ривожлантиради. Дунёвий таълим орқали мамлакат юқори малакали кадрларни етиштиради, технологик ва иқтисодий ютуқларга эришади шу асосида миллий маданият ва маънавиятни бойитади. Шу сабабли дунёвий таълим ҳар бир давлатнинг тараққиёт йўлида стратегик аҳамиятга эга бўлиб, унинг ривожланишида узвий восита сифатида эътироф этилади.

Р.П Маматқулов,

Тошкент давлат юридик университети,

Умумтаълим фанлар ва маданият кафедраси,

доцент в.б.