Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Риёз Савдо палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ўзбекистон-Саудия Арабистони қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бизнес форуми» савдо-иқтисодий ва инвестицион қишлоқ хўжалиги йўналишида янада кенгайтиришга қаратилди.
Ушбу бизнес-форумда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов, Риёз Савдо палатаси раиси ўринбосари Наиф Ал Раджи, шунингдек, Наманган ва Хоразм вилояти инвестиция ва ташқи савдо бўйича ҳоким ўринбосарлари, икки давлатнинг масъул вазирлик ва идора вакиллари, ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишида Ўзбекистон томонидан 30 дан ортиқ, Саудия Арабистон томонидан 20 га яқин тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Маълумки, сўнгги 2-3 йил ичида Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида айниқса, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва диний ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама ривожланиб боряпти.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил февраль ойида ўрнатилган.
Икки давлат савдо айланмасининг ҳажми жорий йилнинг 9 ойида 23,5 миллион долларга тенг бўлиб, бунда экспорт ҳажми – 0,4 миллион доллар ва импорт ҳажми – 23,1 миллион долларни ташкил этган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Саудия Арабистони инвесторлари иштирокида 14 та корхона фаолият кўрсатмоқда ва уларнинг 4 таси 100 % Саудия капитали асосида фаолият юритади.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида қатор бизнес делегацияларнинг ташрифлари амалга оширилди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишида ишбилармон доираларининг ҳам ҳиссаси катта.
Ўзбекистон Саудия Арабистони бозорига озиқ-овқат, янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришга тайёрдир, деб хабар беради Савдо саноат палатаси матбуот хизмати.