Шулардан бири — ўз йўналиши бўйича дунё рейтингида 1-ўринда турадиган Массачусетс Технология институти профессори Жон Бриссон  мамлакатимиз таълим тизими ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

“Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим. Бу ердаги бунёдкорлик ишлари ва амалга оширилаётган ўзгаришлар менда жуда чуқур таассурот қолдирди. Бу ерда Президент мактаби ўқувчилари билан суҳбатлашдим, уларнинг лойиҳалари билан танишдим.

Ўзбекистонда бугунги кунда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар таҳсинга сазовор. Президент ташаббуси билан ташкил этилган ушбу мактаблар лойиҳасини эса алоҳида эътироф этишим керак. Бу мактабларни битирган ўқувчилар эртага мамлакат иқтисоди учун фойдали кадрлар бўлиб етишади.

Таъкидлаш керак, таълим тизими доимий ислоҳотлар ва ҳаракатни талаб этадиган соҳа. Сиз бу борада қандайдир ўзгаришларни амалга ошириб, кейин унутиб қўйишингиз мумкин эмас. Таълим доимо диққат марказда бўлгандагина катта натижаларга эришиш мумкин. Шу ўринда Ўзбекистондаги таълимга қаратилаётган эътиборни жуда юқори баҳолайман. Бу ердаги ўқувчилар билимга, изланишга чанқоқ эканлигига гувоҳ бўлдим.

Шунингдек, технологиялар соҳасида таълим олаётган ёшлар учун зарурий шароитларнинг яратилганлиги ҳам эътиборга молик. Чунки, инновациялар чегара билмас ёшлар қўли билан яратилади.

Биз Президент таълим муассасалари агентлиги билан таълим дастурлари интеграцияси бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Ҳозирда бу борада расмийлар билан ўзаро музокаралар олиб борилмоқда. Мен бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли бўлишига ишонаман.