Тадбир доирасида музейнинг сўнгги икки йил давомида амалга оширилган кенг кўламли реконструкция ва модернизация ишлари тақдим этилди. Журналистлар ва блогерлар янгиланган экспозициялар билан яқиндан танишиб, музейда жорий этилган замонавий технологиялар, мультимедиа ечимлари ва сунъий интеллект имкониятларини амалда кўриш имконига эга бўлдилар.
Музей директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмаилованинг таъкидлашича, реконструкция жараёнида замонавий коммуникация тизимлари билан бир қаторда анъанавий музейшунослик усуллари ҳам сақлаб қолинган ҳолда экспозициялар тўлиқ қайта ишланган.
— Музейда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида экспозициялар янги форматга ўтказилди. Бу ерда тарихий жараёнларнинг илмий асосланган ва интерактив тарзда намойиш этилишига алоҳида эътибор қаратдик, — деди Жаннат Исмаилова.
Пресс-тур давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг қадимий тарихидан то замонавий давргача бўлган даврларни қамраб олган янгиланган кўргазмалар намойиш этилди. Айниқса, визуал ва интерактив ечимлар орқали тарихни ҳис этиш имконияти катта қизиқиш уйғотди.
Музейда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатда маданий меросни асраш ва уни замонавий усулларда тарғиб этишга қаратилган давлат сиёсати билан узвий боғлиқ экани таъкидланди. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси, Темурийлар тарихи давлат музейи каби йирик музей ва марказлар ҳам қайта реконструкция қилиниб, янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.
Жаннат Исмаилова бу борадаги ишлар ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
— Музейлар нафақат тарихий экспонатлар сақланадиган жой, балки маънавий-маърифий тарбия марказига айланиши керак. Бугунги ислоҳотлар айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Мутахассислар фикрича, амалга оширилаётган ўзгаришлар мамлакатда маданий меросни илмий асосда ўрганиш, уни кенг жамоатчиликка етказиш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Янгиланган Ўзбекистон тарихи давлат музейи бугунги кунда нафақат маҳаллий ташриф буюрувчилар, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам тарих, илм ва маърифат уйига айланмоқда.
Зулхумор Акбарова,
Мадина Ботиржонова