Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хатирчи туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун 4 марта судланган О.А. фуқаро И.М.га танишлари ёрдамида “В.” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари ва Янгиобод туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “D. A.” МЧЖ ўргатувчиси Ғ.Э. фуқаро У.М.га юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида имтиҳонга қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериши эвазига 4,2 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Худди шундай, Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси, Шўрчи туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фуқаро А.Х. фуқаро А.Т.га “В. С.” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериши эвазига 300 АҚШ долларини олган вақтида, шу каби, Шўрчи туманида А.Н. фуқаро Т.Ж.га имтиҳонга қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериши эвазига 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.