«Kyiv Fashion» муваффақиятли тарихга ҳамда узоқ йиллар давомида шаклланган ва мувафаққиятли анъаналарга эга бўлган энг йирик халқаро кўргазмалардан бири ҳисобланади. Кўргазма бутун дунёдаги енгил ва тўқимачилик саноатининг нуфузли мутахассисларини ўз атрофига жамлайди. Форум бир вақтнинг ўзида бир нечта бозор сегментларини қамраб олиш учун энг қулай майдондир.

«Kyiv Fashion», шунингдек, иштирокчиларга йирик ва фойдали шартномалар тузиш имкониятини ҳам тақдим этади.

Форумда доирасида ташкил этилган «Made in Uzbekistan» бренди остидаги маҳсулотларнинг махсус стенди  кўргазма  меҳмонлари ва салоҳиятли шериклар ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлди. Унда  мамлакатимизнинг 35 дан ортиқ саноат корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган ранг-баранг матолар, тўқимачилик маҳсулотларининг янги турлари, аксессуарлар намойиш этилди.

Бунинг натижаси ўлароқ, кўргазманинг биринчи кунидаёқ украиналик шериклар билан йирик шартнома ва битимлар имзоланди.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакилларининг украиналик шериклар билан ўтказган музокаралари чоғида икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда тўқимачилик саноатида савдо-иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш юзасидан муштарак манфаатдорлик билдирилди.