Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Савдо муносабатларини фаоллаштириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун тариф ва нотариф тартибга солишни ўз ичига олган комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. Ушбу нуқтаи назардан, тегишли вазирлик ва идораларга икки томонлама савдони рағбатлантиришга қаратилган бир қатор муҳим келишувлар бўйича музокараларни жадаллаштириш вазифаси юклатилди.
Таъминот занжирларининг логистикасини такомиллаштириш ва камхаражат транспорт йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, «Ўзбекистон – Чабаҳар порти – Читагонг порти» йўналиши бўйича илк бор юкларни ташиб кўриш, шунингдек, «Узбекистан Аирwайс» АЖ ва «Биман Аирлинес» Бангладеш миллий авиаташувчиси ўртасида Тошкент – Деҳли - Дакка ва тескари йўналишда авиақатновни ташкил этиш бўйича код-шеринг (рейсларни ҳамкорликда эксплуатация қилиш) шартномасини тузишга келишилди.
Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг ўзаро ташрифлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқиш, шунингдек, ишбилармонлар учун виза режимини энгиллаштириш борасида консуллик хизматлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида қўшма корхоналар ташкил қилиш ҳамда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш орқали саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича якдил қарорга келинди.
Учрашувда маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар қишлоқ жойларда ва таълим тизимида рақамлаштиришни кенгайтириш борасида ўзбек-бангладеш ҳамкорлиги бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Дакка шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш имконияти муҳокама қилинди. Рамзий маънода ушбу тадбирни мамлакатлар ўртасида икки томонлама муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаш таклифи билдирилди.
Учрашув якунида томонлар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш босқичига ўтказиш мақсадида фаол ва доимий мулоқот қилишга тайёрлигини тасдиқладилар.