Учрашув давомида адлия вазири Русланбек Давлетов ҳамкасбига «Tashkent Law Spring» II Халқаро юридик форумидаги иштироки учун миннатдорлик билдириб, унинг чиқиши форум ишига беқиёс ҳисса қўшгани ва мазмунан бойитганлигини қайд этди.  

Ўз навбатида Беларусь Республикаси адлия вазири ҳамкасбини «Tashkent Law Spring» II Халқаро юридик форуми муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

Шунингдек, учрашув чоғида Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.  

Ҳамкорлик келишувининг асосий мақсади – ўзаро манфаат, тенглик ва самимийлик асосида ҳуқуқ соҳасида икки томонлама ҳамкорлик қилиш ҳамда бу борадаги институционал муносабатларни яратишдан иборат.  

Келишувга кўра электрон адлияни ривожлантириш, жумладан адлия муассасаларини ахборотлаштириш, адвокатура ва нотариал фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, юридик хизматлар тақдим этиш тизимини ташкил қилиш ва ривожлантириш, медиация институтини ривожлантириш, юридик кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш каби соҳаларида ўзаро ҳамкорлик амалга оширилади.  

Имзоланган ҳужжат икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасида ҳуқуқ соҳасида самарали ҳамкорлик қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.  

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги делегациясининг «Ҳуқуқ билан вакцинация» 9 ¾-Петербург халқаро юридик форумидаги иштироки давом этмоқда, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.