Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда уни чуқурлаштиришнинг биринчи даражали вазифалари муҳокама қилинди. Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 14-йиғилиши доирасида эришилган келишувларнинг аҳамияти таъкидланди.
Ўзбекистон-Эрон савдо айланмаси ҳажмини кўпайтириш бўйича амалий ҳамкорлик қилишга ўзаро тайёрлик билдирилди. Ўзбекистон ва Эрон ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим имзоланиши бу йўналишдаги муҳим қадам бўлиши мумкин. Шу муносабат билан томонлар ушбу ҳужжат юзасидан келишишни тезлаштиришга қаратилган идоралараро ҳамкорликни кучайтириш бўйича чора-тадбирларни белгилаб олдилар.
Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника, кимё ва енгил саноат, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида инвестициявий ҳамкорликни ошириш бўйича конструктив таклифлар билдирилди. Икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ҳамда хусусий компаниялари томонидан ушбу соҳаларда янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида урғу берилди. Икки мамлакат ҳудудлари орқали тўғридан-тўғри ва транзит тарзда юк ташиш ҳажмини оширишни, шунингдек, янги кам харажатли транспорт йўналишларни ташкил қилишни назарда тутган ҳолда, ушбу соҳада муносабатларни ривожлантиришнинг кенг истиқболлари қайд этилди.
Томонлар савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Эрон Ҳукуматлараро комиссиясининг 14-йиғилиши якунлари бўйича эришилган келишувларни амалда жорий этишга ўзаро содиқлигини билдирдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.